Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Андижонда бўғма касаллиги аниқландими? Вазирлик аниқлик киритди

Андижонда бўғма касаллиги аниқландими? Вазирлик аниқлик киритди

Фото: «Comments.UA»

Соғлиқни сақлаш вазирлиги «Озодлик» сайтида Андижон шаҳрида яшовчи 3,5 ёшли болада бўғма (дифтерия) касаллиги қайд этилганлиги тўғрисида хабарга раддия берди. Бу ҳақда «Xabar.uz»га вазирлик ахборот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, мазкур масалани жойига чиқиб ўрганиш мақсадида мамлакатимиздаги етакчи олим ва шифокорлардан иборат тезкор гуруҳ ташкил этилиб, Андижон шаҳрига юборилган. Гуруҳга Соғлиқни сақлаш вазирлиги Санитария-эпидемиология назорати Бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, тиббиёт фанлари номзоди Д.Турсунова раҳбар этиб тайинланган.

«Жорий йилнинг 7 май куни 2014 йил 21 августда туғилган А.Шуҳратбеков “йирингли-некротик ангина” бирламчи ташхиси билан Андижон вилояти юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган. Онаси берган маълумотга кўра, бемор бола 5 май куни музқаймоқ истеъмол қилган ва 6 май куни унда ҳолсизланиш, инжиқлик, рангини оқариши каби белгилар пайдо бўлган. 7 май куни тана ҳарорати кўтарилиши, томоқда оғриқ кузатилгани боис бола вилоят юқумли касалликлар шифохонасига олиб борилган» — дейилади вазирлик раддиясида.

Бемор шифохонада мутахассислар томонидан кўрикдан ўтказилгандан сўнг унга замбуруғли ангина бирламчи ташхиси қўйилиб, реанимация бўлимига ётқизилган. Бу вақтда беморнинг ҳолати ўртача оғирликда бўлган. Шундан сўнг таҳлил учун тегишли биологик намуналар олиниб, лабораторияга топширилган ва барча муолажалар вақтида ўтказилган.

Раддияда айтилишича, бемор Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан юборилган мутахассислар томонидан консилиум қилиниб, такрорий тиббий кўрикдан ўтказилиб, унга йирингли-некротик ангина ва бўғмага қўшимча текшириш буюрилган.

«Кўрсатилган малакали тиббий ёрдам натижасида 11 май куни бемор А.Шуҳратбековнинг умумий саломатлиги қониқарли, деб баҳоланди. У фаол ҳаракатланмоқда, овқатланиши яхши, иситмаси йўқ. Яқин кунларда уйига жавоб берилади ва шундан сўнг бемор ҳудуддаги тиббий патронаж хизмати назоратига олинади», дейилади вахирлик ахборотида.

Манбада бола 2 ёшга тўлгунга қадар миллий эмлаш жадвалига мувофиқ бўғма касаллигига қарши 4 маротаба эмлангани алоҳида таъкидланади.

«Жорий йилнинг 11 май куни микробиологик таҳлил натижалари ҳам олинди. Андижон вилояти Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази бактериология лабораториясининг 2018 йил 11 майдаги 56-, 57- ва 284-сонли микробиологик текшириш натижалари ҳамда касаллик клиникаси ва кечиши асосида беморга стрептококк этиологияли йирингли-некротик ангина якуний ташхиси қўйилди. Айрим хориж электрон нашрлари тарқатганидек, бемор А.Шуҳратбековга қўйилган бўғма касаллиги тахминий ташхиси тасдиқланмади», дея хулоса қилинади раддияда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг