«Ҳар куни бир нечта одам ўляпти» – ССВ биринчи ўринбосарининг аудиоси тарқалди
Ижтимоий тармоқларда соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Абдуҳаким Ҳожибоевга тегишли эканлиги маълум бўлган аудиоёзув тарқалди, деб хабар бермоқда «Kun.uz».
Нашр вазир ўринбосарининг Зангиотадаги махсус шифохона ходимларини койиган 50 дақиқали аудиоёзувдаги энг муҳим иқтибосларни келтирган.
Абдуҳаким Ҳожибоевнинг сўзларидан у махсус шифохонадаги ҳолат ва шифокорларнинг беморларга муносабатидан қониқмаганини илғаш қийин эмас.
Мутасадди ўз нутқида шифокорларга тўланаётган катта миқдордаги пул ҳақида эслатади: «Бир ойда бир йиллик маошни оляпсизлар»..; «Бир ойга битта шу клиникага 40 млрд [сўм] кетяпти, ўша 40 млрд.ни 90 фоизи сизларнинг (шифокорлар назарда тутиляпти) маошларинг».
Вазир ўринбосари ўзига ҳар куни қўнғироқлар бўлаётганини, касални олиб чиқиб кетайлик, бошқа жойга ўтказайлик, докторлар қарамаяпти дейишаётганини айтади. Шунингдек, «кислород давленияси тушиб кетаётгани учун ҳар куни бир нечта одам ўлаётгани»ни таъкидлаб, «ҳеч ким ишдан кетиб қутулмайди, агар кимдир қочаман деса, прокуратурага берамиз» дейди.
«20 йилдан бери врачларни қамоқдан қутқариб келганман, энди фикрим ўзгармоқда. Врачларни қамаш керак дейман, мен ўзим уларни қаматтираман, Зангиотадан бошлаймиз», – урғулайди Абдуҳаким Ҳожибоев.
Йиғилиш давомида касалхонада беморларга дори олиб келиш буюрилаётгани, чойшаблар ўз вақтида алмаштирилмаётгани ва бошқа муаммолар кўтарилган.
Нашр ушбу аудио юзасидан вазирлик матбуот хизмати раҳбари Фурқат Санаев билан боғланган ва изоҳ олган.
– Коронавирус пандемиясига қарши кураш ниҳоятда жиддий масала ва бу борада қаттиққўллик муҳим роль ўйнайди. Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Абдуҳаким Мўминовичнинг сўзлари бироз асабий ва жаҳл аралашган туйилиши мумкин, лекин барчаси асосли эътирозлар ва тўғри талаблар. Ҳар бири беморлар тезроқ соғайиши ва халқимиз манфаати учун айтилган. Албатта, йиғилишда таъсирчанликни ошириш учун бироз муболаға ёки пўписа қилинган бўлиши мумкин, лекин бунинг ҳам ўзига яраша сабаблари бор. Энг муҳими, тизим ходимлари бу талабларни тўғри тушунадилар ва ишга янгича ёндашадилар, – деган Фурқат Санаев.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter