Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Соғлиқни сақлаш вазирлиги блогернинг мурожаатига жавоб қайтарди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги блогернинг мурожаатига жавоб қайтарди

Фото: «Xabar.uz»

Кеча таниқли блогер Санжар Саид «Фейсбук» ижтимоий тармоғида Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов ва соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмоновга мурожаат йўллагани ҳақида хабар қилган эдик.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу мурожаат асосида қуйидаги маълумотларни тақдим этди.

Вазирлик маълумотида айтилишича, Фарғона шаҳрида яшовчи бемор Н.Жабборова 2018 йилнинг 30 июнь куни соат 23:50 да «Ҳомиладорлик-1, туғуруқ-1, туғуруқнинг 1-даври, сурункали камқонлик ўрта оғир даражаси» ташхиси билан Фарғона шаҳар тиббиёт бирлашмасининг туғуруқ бўлимига келган.

Туғуруқ асоратли кечган. Туғуруқ кучлари сустлиги туфайли амниотомия (қоғонок сувларини ёриш) амалиёти ўтказилган. Лекин амниотомиядан сўнг туғуруқ кучлари ўзгармаган, сустлигича қолган. «Туғуруқнинг 1-даври фаол фазасининг чўзилиши» ташхиси билан жарроҳлик амалиётига олинган. Кесарча кесиш операцияси асоратсиз ўтган.

Аёлнинг тана ҳарорати кесарча кесиш операцияси 2-суткасидан бошлаб 38-39 градусгача кўтарилган. Кейинги кунлар давомида олиб борилган даволаш муолажалари етарлича натижа бермаган. Шу боис бемор вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Ш.Қўчқоров назоратига олинган ва вилоят перинатал марказининг гинекология бўлимига ўтказилган. Беморга «Чилла даври. Кесарча кесиш амалиётидан кейнги 4-суткаси. Сепсис. Метроэндометрит. Бачадон чоклари инфильтрацияси. Камқонлик ўрта оғир даражаси» ташхиси қўйилган.

Н.Жабборова гинекологик, тўлик клиник-биохимик таҳлиллар, УТТ, рентгенологик текширувлардан ўтказилган ва интенсив даволаш муолажалари бошланган.

7 июль куни эрталаб соат 08:00 да врачлар консилиуми ўтказилиб, бемор ҳолати яхши томонга ўзгармаганли боис, стандарт бўйича хирургик даво ўтказилиши режалаштирилган. Аммо беморнинг қариндошлари хирургик муолажа ўтказилишидан қатъиян бош тортишган. Шу сабабли консерватив даво муолажалари давом эттирилган. Шу куни соат 18.00да вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, тегишли ўринбосари ва перинатал марказ врачлар консилиуми такроран ўтказилиб, юқоридаги вазиятни ҳисобга олган ҳолда, стандарт бўйича антибактериал даво муолажаларини давом эттириш режалаштирилган ҳамда Тошкент шаҳридан тегишли профессорлар консултацияга чақирилган.

8 июль куни республика муассасаларидан таклиф қилинган врачлар консилиуми ўтказилди. Консилиумда Соғлиқни сақлаш вазирлиги оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бош бошқармаси бошлиғи М.Содиқов, Тошкент Педиатрия тиббиёт институти акушер-гинекологи профессор Ш.Зуфарова, Республики ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази реаниматологи А.Отажонов, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, тегишли ўринбосари ва бошқа шифокорлар иштирок этди.

Қўшимча қилинишича, ҳозир она ва боланинг умумий аҳволи қониқарли. Бемор Н.Жабборованинг саломатлиги ижобий томонга ўзгармоқда. Тана ҳарорати ўртача 37,2 даражада.

Шифокорлар яқин кунларда она ва болани соғлом ҳолатда уйига кузатишга умид билдиришмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг