Соғлиқни сақлаш вазири сайёр қабул ўтказиб, 57 та мурожаатни ижобий ҳал қилди
Бухоро вилояти Вобкент туманида Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов томонидан вилоят тиббиёт муассасалари раҳбарлари иштирокида сайёр қабул ўтказилди. Вобкент, Ғиждувон, Шофиркон, Ромитан, Пешку ҳамда Бухоро туманлари фуқаролари қатнашган мазкур тадбирда 57 нафар фуқаронинг мурожаати атрофлича ўрганиб чиқилиб, ижобий ҳал этилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди.
Қайд этилишича, мурожаатларнинг асосий қисми туғма юрак нуқсони, таянч-ҳаракат аъзолари, асаб тизими, буйрак ва нафас йўллари хасталиклари юзасидан бўлиб, уларнинг аксарияти имтиёзли асосда тегишлилиги бўйича вилоят тиббиёт муассасалари ва республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларида даволаниши белгиланди.
Жумладан, кардиологик жарроҳлик операцияси орқали даволанишда амалий ёрдам сўраган вобкентлик Мафтуна Эргашевага Республика ихтисослаштириш хирургия илмий-амалий тиббиёт марказига даволаш ва операция қилиш учун итимёзли асосда йўлланма бериладиган бўлди. Ногиронлик аравачасига эҳтиёжи бор яна бир вобкентлик Жалил Жураевга шу ернинг ўзида ногиронлик аравачаси тақдим этилди.
Шофиркон туманидан бош мия хасталиги билан оғриган набираси Мирзоҳид Хайруллоевнинг даволаниши учун амалий ёрдам сўраган Ўғилой Камолованинг мурожаати юзасидан вилоят тиббиёт муассаларидан педиатр, психиатр, невропатолог, ортопед каби етакчи тор мутахассисларни туманга юбориб, беморни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш, тажрибали мутахассислар иштирокида консилиум қилган ҳолда вилоят ёки республика тиббиёт муассасаларида даволаш чораларини кўриш белгиланди.
Сайёр қабулда ромитанлик икки томонлама коксартроз операциядан кейинги ҳолат ташхиси билан даволаниш ва операция учун амалий ёрдам сўраган ромитанлик Дилмурод Саидовнинг муаммоси ҳам ечим топди. Уни эндопротез билан таъминлаш масаласи шу куннинг ўзида ҳал қилиниб, вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида имтиёзли равишда операция қилиш ва даволаш режалаштирилди.
Таъкидланишича, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг виртуал қабулхонаси ташкил этилган бўлиб, фуқаролар вазирликнинг расмий веб-сайти — www.ssv.uz, шунингдек, ушбу интернет манзилида кўрсатилган электрон почта ёхуд телефон орқали мазкур виртуал қабулхонага тўғридан-тўғри мурожаат юбориши мумкин. Ҳар бир мурожаат шахсан Соғлиқни сақлаш вазири томонидан кўриб чиқилиб, назоратга олинади ҳамда қонун доирасида ҳал этилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter