Собиқ депутат Кобул Дусов 5 йил 2 ойга қамалди

Бугун, 16 июнь куни Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судида Кобул Дусовга (1984 йилда Самарқанд вилоятида туғилган, муқаддам судланган) оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни якунланиб, суд ҳукми эълон қилинди.
Ушбу жиноят иши жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судининг судьяси А. Мирзаханов раислигида биринчи инстанцияда кўриб чиқилди.
Суд ҳукмига мувофиқ К. Дусов 5 нафар жабрланувчига (Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Навоий вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси мутасадди ва масъуллари, Чирчиқ шаҳри ИИБ Пробация бўлими катта инспектори) нисбатан Жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат) 3-қисми «а» банди, 140-моддаси (ҳақорат қилиш) 3-қисми «а» банди ва 237-моддаси (ёлғон хабар бериш) 2-қисми «г» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди.
К. Дусовга Жиноят кодексининг 59, 61-моддаларига асосан 5 йил 1 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси, Жиноят кодексининг 59-моддаси 8-қисми тартибида мазкур ҳукм билан тайинланган жазога жиноят ишлари бўйича Арнасой туман судининг 2025 йил 24 февралдаги ҳукми билан тайинланган жазони қисман қўшиш йўли билан ўташ учун узил-кесил 5 йил 2 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.
Ўз навбатида, мазкур жиноят иши бўйича манфаатдор тарафларга етказилган моддий ва маънавий зарарларни ундириш юзасидан фуқаролик суд ишларини юритиш тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқлари мавжудлиги тушунтирилган.
Маълумот учун, К. Дусов ЖИБ Чилонзор туман судининг 2024 йил 22 ноябрдаги ҳукми билан Жиноят кодексининг 140-моддаси (ҳақорат қилиш) 3-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 1 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.
2025 йил 24 январда эса ЖИБ Яшнобод туман суди К. Дусовга нисбатан ўталмай қолган 11 ой 2 кун озодликни чеклаш жазосини шу муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирган ва жазони манзил-колонияларда ўташ белгиланган.
ЖИБ Арнасой туман судининг 2025 йил 24 январдаги ҳукми билан К. Дусов Жиноят кодексининг 139-моддаси 3-қисми «а» банди ва 140-моддаси 3-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга Жиноят кодексининг 59-моддаси, 59-моддаси 8-қисми ва 61-моддаси тартибида узил-кесил ўташ учун 1 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясининг 2025 йил 11 мартдаги ажрими билан К. Дусов (1984 йилда Самарқанд вилоятида туғилган)га нисбатан жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судининг 2025 йил 24 январдаги ажрими ўзгаришсиз қолдирилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter