Собиқ бош вазир юзлаб одамларнинг ўлимида айбланмоқда
Франция пойтахти Парижда Ироқнинг собиқ бош вазири Одил Абдул Маҳдийга қарши даъво аризаси рўйхатга олинди. Собиқ арбоб қатлиомда айбланмоқда. Бу ҳақда даъвогарларнинг адвокати Жессика Финель матбуотга маълум қилди.
Собиқ бош вазирга қарши даъво аризаси Ироқда 2019 йили рўй берган оммавий норозилик намойишлари билан боғлиқ. Икки йил аввалги аксилҳукумат намойишларда 600 га яқин одам ҳалок бўлган, минглаб киши жароҳатланган. Париж маҳкамасига ариза билан мурожаат қилган даъвогарларнинг яқинлари ҳам намойишларда вафот этган, яна айримлари бедарак йўқолган.
Адвокат Ж.Финелнинг таъкидлашича, Ироқ конституциясига кўра фуқаролар ҳукумат сиёсатидан норозилигини намойишлар шаклида билдириши мумкин. Аммо 2019 йилги намойишлар шафқатсизлик билан бостирилган. Ҳуқуқ ҳимоячилари ва терговчилар кўп сонли одамларнинг ўлимига кучишлатар тизим вакилларининг ғайриқонуний ҳаракати, жумладан жанговар қуроллардан фойдалангани сабаб бўлган деб ҳисобламоқда.
Адвокат Финель Ироқда икки йил аввал рўй берган фожиада ҳукумат раҳбари Одил Абдул Маҳдийни айблаган.
«Бош вазир ваколат мажбуриятига қарамай, жиноятларни тўхтатиш бўйича керакли чора-тадбирларни кўрмаган. У мамлакатда хўжасизлик авж олишига йўл қўйиб берган, оқибатда эса ўлимлар сони кескин ошган», – дейди адвокат Ж.Финель.
Даъвогарларнинг айнан Франция ҳуқуқ идораларига мурожаат қилгани бежиз эмас. Аввало, Франция халқаро ҳуқуқ меъёрларига кўра инсониятга қарши жиноятларни тергов қилиш ваколатига эга. Қолаверса, собиқ бош вазир Одил Абдул Маҳдий узоқ йиллар мазкур мамлакатда истиқомат қилган.
Одил Абдул Маҳдий 2018 йил 25 октябрь куни Ироқ бош вазири курсисини эгаллади. Орадан бир йил ўтиб бутун мамлакат норозилик тўлқини домида қолди. Ишсизлик ва коррупция сабаб ўн минглаб ироқликлар кўчага чиқди. Намойишчилар ҳукуматдаги ўғри ва коррупционерлар истеъфо бермагунча норозилик акцияси давом этишини эълон қилди.
Норозилик намойишлар тўлқинида бош вазир Одил Абдул Маҳдий ҳукумат таркибини қайта кўриб чиқиш, амалдорларнинг маошини камайтириш, ёшларни иш билан таъминлаш борасида амалий ҳаракатлар қилишга сўз берди. Аммо намойишлар давомида юзлаб одам ҳалок бўлгани, минглаб киши жароҳатлангани расмий ҳукуматга қарши кайфиятни янада кучайтирди. Бош вазир 2019 йил 1 декабрь куни истеъфо беришга мажбур бўлди.
Ироқ нефть захираси бўйча дунёнинг тўртинчи мамлакати саналади. Аммо 40 миллионли аҳолининг 60 фоизи қашшоқлик чегарасида кун кўрмоқда. Ҳар олти оиладан биттаси озиқ-овқат тақчиллигидан азият чекаётир.
Ишсизлик, айниқса, навқирон авлод вакиллари орасида кучли. Мамлакат ёшларининг 25 фоизи тайинли даромад манбаига эга эмас.
Таълим ва соғлиқни сақлаш тизимидаги камчиликлар, ичимлик суви ва электр энергияси таъминотидаги муаммолар ҳам ҳукуматдан жиддий чоралар кўришни талаб этади. Каттагина қисми «Ислом давлати» жангарилари томонидан вайрон этилган мамлакатни оёққа турғазиш учун катта ҳаракат ва улкан харажат лозим.
Аҳвол шу даражага етдики, оилавий анъаналар юксак қадрланган ва болапарварлиги билан тилга тушган Ироқда сўнгги пайтларда фавқулодда ҳолат кузатилмоқда: ота-оналар томонидан ўз фарзандини ўлдириш жинояти кўпайиб бормоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter