Ситораи Моҳи Хосса мансабдорларига жиноий иш очилди

«Ситораи Моҳи Хосса» тарихий мажмуаси
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Маданий меросни ҳимоя қилиш инспекцияси ҳамда Маданий мерос агентлиги томонидан «Ситораи Моҳи Хосса» тарихий мажмуасидаги реставрация ишлари ҳолати ўрганилди.
Ўрганиш давомида таъмирлаш ишлари маданий мерос объектларини реставрация қилиш талабларига зид равишда олиб борилгани аниқланган.
«Хусусан, таъмирлаш-реставрация лойиҳалари махсус Илмий-эксперт кенгаши билан келишилмаган, тегишли рухсатномалар олинмаган ва яна бир қатор талаблар қўпол равишда бузилган. Мажмуада реставрация ишлари нотўғри олиб борилгани туфайли саройнинг бир қатор қисми тарихий ва бадиий аҳамиятини буткул йўқотган.
Агентлик томонидан ўрганиш ишлари якунлари ҳуқуқий баҳо бериш учун Бош прокуратурага тақдим этилди. Айни вақтда Бош прокуратура томонидан мазкур ҳолатлар бўйича мутасадди мансабдор шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, уларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилмоқда», дейилади хабарда.
Маълумот учун: «Ситораи Моҳи Хосса» мажмуаси Бухоро амирларининг ёзги саройи ҳисобланиб, асосий бинолар амир Мир Саййид Олимхон (1911-1920 йиллар) ҳукмронлиги даврида қурилган. Ҳозирда музей сифатида фаолият юритаётган мажмуага йилига 158 минг (шундан 63 минг нафари хорижий) сайёҳ ташриф буюради.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter