Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сирдарёга 200дан зиёд тиббиёт ходими сафарбар этилди

Сирдарёга 200дан зиёд тиббиёт ходими сафарбар этилди

Фото: ССВ

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Сардоба сув омборидан сув сизиб чиқиши натижасида руй берган офат оқибатларини бартараф этиш ишларига кўмаклашиш мақсадида тезкор равишда тиббиёт ходимларидан иборат ишчи гуруҳ ташкил этилди.

Вазирлик томонидан аҳолига тиббий ёрдам бериш ва ушбу худудда турли инфекциялар тарқалмаслиги учун қатъий эҳтиёт чораларини кўриш ҳамда эпидемик вазиятни тўлиқ назоратга олишнинг аниқ режаси ишлаб чиқилган.

ССВ Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарига кўра, айни пайтда вилоятда вазирлик раҳбарияти бошчилигида реаниматолог, кардиолог, терапевт, невропатолог, эндокринолог, травматолог, инфекционист, эпидемиолог каби қатор мутахассислардан иборат штаб тузилган. Мамлакатимизда фаолият кўрсатувчи икки юз нафардан зиёд малакали тиббиёт ходимлари талофат кўрганларга тиббий хизмат кўрсатиш учун қўшимча куч сифатида сафарбар этилди.

Шу кунларда улар сув тошқини оқибатида зарар кўрганлар ва эвакуация қилинган аҳоли саломатлигини тиббий кўрикдан ўтказиш, ушбу ҳудудда юқумли касалликлар тарқалишини олдини олиш мақсадида санитар талабларга риоя қилиш, дезинфекция ишларини амалга ошириш каби вазифаларни бажаришмоқда. Бундан ташқари, вазирлик томонидан Сирдарё вилоятига 50 турдаги энг зарур дори-дармонлар, портатив УТТ, кардиомонитор, пульсоксиметр, пирометр каби кўплаб турдаги тиббий жиҳозлар, 700 минг дона шахсий ҳимоя ва гигиена ҳамда дезинфекция воситалари ҳам юборилди.

Фото: ССВ

Ушбу келтирилган тиббий жиҳозлар, дори-дармон ва шахсий ҳимоя воситалари туман тиббиёт бирлашмаси, тез тиббий ёрдам станциялари билан бир қаторда офатдан жабрланганлар ва эвакуация қилинган аҳолига етказиб берилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг