Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сирдарёда сувга чўккан 70 та уй ҳайвони санитария қоидаларига мувофиқ кўмилди – ФВВ

Сирдарёда сувга чўккан 70 та уй ҳайвони санитария қоидаларига мувофиқ кўмилди – ФВВ

Фото: ФВВ

Сирдарё вилоятининг сув босган ҳудудларида фавқулодда вазиятларнинг оқибатларини бартараф этиш ишлари давом эттирилмоқда. Хусусан, ушбу ҳудуддаги қабристонлар, канализация тизимлари, сув тозалаш иншоотлари чуқур ўрганилмоқда. Шу билан бир қаторда мазкур объектларда дезинфекция ишлари амалга оширилмоқда. Бу ҳақда ФВВ ахборот хизмати хабар берди.

Санитария-эпидемиология ҳамда фаровонликни таъминлаш мақсадида сув қуриган ҳудудларда дезинфекция ишлари бошлаб юборилган. Айни вақтда Оқолтин туманидаги «Аҳиллик» қишлоғи, ўша туманнинг «Қўрғонтепа» ва «Сардоба» қишлоқлари ва Мирзаобод туманидаги «Балиқчилик қишлоғи» сув иншоотлари дезинфекция қилиниб, қайта ишланади.

Зарарланган ҳудудларда нобуд бўлган 70 та уй ҳайвони санитария қоидаларига мувофиқ кўмилган.

Ёнғин ўчириш машиналари ва мотопомпалар билан тошқин сувларини тортиб олиш ишлари давом этмоқда.

Фавқулодда вазиятлар, Мудофаа вазирликлари ва Миллий гвардия ходимлари ҳудудларни тўпланган қолдиқлардан тозалаш тадбирларини олиб боришяпти.

Фото: ФВВ

1 майдан бошлаб Фавқулодда вазиятлар вазирлигида «1205» тезкор алоқа рақамининг фаолияти йўлга қўйилган эди. Айни вақтгача ишонч телефонига 5 609 қўнғироқ келиб тушган. Шулардан 4861 нафар фуқаро фавқулодда вазият оқибатлари бўйича маълумотлар сўраб, мурожаат этган. Шунингдек, уларнинг 287 нафари озиқ-овқат ва бошқа зарур маҳсулотлар масаласида ёрдам сўраган. Эътиборлиси, мурожаатчилардан 199 нафари кўнгилли қутқарувчи сифатида фавқулодда вазият ўчоғига бориш истагини маълум қилган.

Ўзбекистон Республикаси президенти ҳар куни Сирдарё вилоятининг зарар кўрган ҳудудларига ташриф буюриб, сув тошқини оқибатларини бартараф этишни шахсан назоратга олган ҳолда, ҳукумат комиссияси аъзоларига барча муаммоларни тезкорлик билан ҳал этиш бўйича янги вазифаларни юкламоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг