Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Синовли кунларда прокурорлар қанча хайрия қилишди?

Синовли кунларда прокурорлар қанча хайрия қилишди?

Бугунги синовли кунлар ким аслида ким эканини кўрсатадиган ойна вазифасиниям ўтамоқда. Эрта баҳорда юртимизга кириб келган пандемия ҳамон қиличини ялонғочлаб турибди, камига юз берган табиий офат ҳаммани бир қалқитди. «Сардоба»да юз берган тошқин-ку, аввалига эсканкиратиб қўйганиям рост. Хуллас, устма-уст синовлар, улар оқибатида келиб чиққан иқтисодий, ижтимоий ва бошқа қийинчиликлар ҳаммани имтиҳондан ўтказмоқда. Энг муҳими, синовлар давлат ва халқни энг олий мақсадлар йўлида янада жипслаштирди. Ҳар не синовларда ҳикмат бўлганидек, бугунги осон бўлмаган кунлар ўзбекни мушт каби бирлаштириб, том маънода ХАЛҚ эканини кўрсатди.

Кенг кўламда амалга оширилаётган тегишли чора-тадбирларнинг самарали рўёбга чиқарилишида прокуратура органлари ҳам четда тургани йўқ. Аксинча, «юртга келган тўй»да фақат назорат қилиш билан чекланмай, синовларнинг олдинги қаторида турибди.

Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдиновнинг «Xabar.uz»га маълум қилишича, прокуратура органлари томонидан пандемия сабабли аҳолининг мураккаб аҳволга тушиб қолган қатламларига 5,2 млрд. сўм бевосита йўналтирилди, Сардобадаги офатдан жабр кўрганларга 2,8 млрд. сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди. «Ўзбекистон меҳр-шафқат ва саломатлик» жамоат фондига эса 5,9 млрд. сўмлик ҳомийлик маблағи ўтказилди. Бундан ташқари, прокурорлар раҳбарлик қилаётган секторларда 149 мингдан зиёд эҳтиёжманд оиланинг 55 мингга яқини тегишли рўйхатдан, яъни камбағалликдан чиқарилди.

Шу пайтгача очиқланмаган мазкур рақамларни энди айтаётганини изоҳлар экан, Ҳ. Шамсутдинов илтимос қилдики, келтираётган маълумотларни миннат эмас, маълумот сифатида қабул қилинишини сўрардик. Бунинг боиси — куни кеча ҳамкасбларимизнинг 264 нафари «Меҳр-саховат» кўкрак нишонига лойиқ кўрилди. Юқорида қайд этилган рақам тизим томонидан кўрилаётган чоралар ва эътирофга муносиб кўрилган ходимларнинг хизматини қисман кўрсатади. Бугун Бош прокуратурада бўлиб ўтган видеоконференцалоқа тарзидаги тадбирда фидойи ходимларга мукофотлар тантанали равишда топширилди. Шароит кўтарганда-ку, маҳкама раҳбари уларнинг ҳар бирининг қўлини маҳкам сиқиб, елкасига қоқиб қўйиши аниқ эди. Майли, ўша кунлар ҳам келар, насиб. Зеро, барча ҳаракатлар шунга қаратилган...

Дарвоқе, «Меҳр-саховат» кўкрак нишони ҳақида.

Мазкур кўкрак нишони Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 26 майдаги фармонига кўра таъсис этилган. «Меҳр-саховат» кўкрак нишони билан коронавирус пандемияси даврида, шунингдек, турли табиий офатлар туфайли эл-юртимиз бошига тушган синовли кунларда мавжуд хавф-хатарларга қарши курашда, уларнинг оқибатларини бартараф этишда мардлик ва жасорат намунасини кўрсатган, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга катта ҳисса қўшган, жамиятимизда тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлашда фаол иштирок этишда ўрнак бўлаётган юртдошларимиз тақдирланади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг