Швецияда бахтсиз ҳодиса: концерт залида отахон еттинчи қаватдан одамларнинг устига тушиб кетди
Швециянинг Уппсала шаҳридаги концерт залида бир киши еттинчи қаватдан икки кишининг устига тушиб кетди. Ўзи ва ҳодисанинг яна бир жабрланувчиси воқеа жойида ҳалок бўлган, деб хабар берди Швеция полицияси.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг сўзларига кўра, воқеа гувоҳлари эркак фойеда бўлган икки кишининг устига қулаганини маълум қилган.
«Катта баландликдан қулаган тахминан 80 ёшлардаги эркак воқеа жойида ҳаётдан кўз юмган. Кейинроқ фойеда бўлган 60 ёшлардаги яна бир эркак ҳам вафот этган», – дея маълум қилди полиция.
Швециянинг «Aftonbladet» газетаси ёзишича, сешанба куни кечқурун Уппсалада афсонавий ABBA гуруҳи мусиқачилари Бьёрн Ульвеус ва Бенни Aндерсенга бағишланган концерт дастури ўтказилиши керак эди, бироқ ҳодиса туфайли у бекор қилинди.
Шунингдек, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари жароҳат олган аёл ҳақида хабар беришди. Полиция маълумотларига кўра, 1000 га яқин томошабинни сиғдира оладиган концерт зали ҳозирда воқеа юзасидан тергов олиб бориш учун ёпиб қўйилган.
Шу билан бирга, Уппсала концерт мажмуаси сайти концерт зали 3-5 ноябрь кунлари ёпиқ бўлиши ҳақида хабар берди.
Aйни пайтда полиция воқеани бахтсиз ҳодиса сифатида баҳоламоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter