Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шуҳрат Абдураҳмонов яна эътибор марказида! Тармоқда унинг аудиоси тарқалди

Шуҳрат Абдураҳмонов яна эътибор марказида! Тармоқда унинг аудиоси тарқалди

Фото: Xabar.uz

Ижтимоий тармоқда Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновнинг овози экани айтилаётган аудио тарқалди.

Аудиода қачон ўтгани номаълум йиғилишда ҳоким журналистлар билан қандай гаплашиши, шунингдек, Марҳамат  туманидаги «шаллақилар»га қандай чора кўрганини айтиб мақтангани англашилади. 

Яъниким, ҳоким журналистларнинг «қичиқ савол»ларига тоқати йўқлиги, «нормальний» мулоқот қилиш тарафдори эканини таъкидлаб, гап орасида оммавий ахборот воситалари ходимларидан бирини «ҳезалак» деб ҳақоратлайди. 

Бундан ташқари мажлис ўтказаётган пайтда гўёки «шаллақилик» қилган марҳаматлик мурожаатчиларни «15 суткага тиқиб» қўйганини ҳам писанда қилади.

Тарқалган аудио бўйича ҳали ҳеч қандай расмий изоҳ берилмади.

Андижон вилояти ҳокими Ш.Абдураҳмоновнинг оғзи ҳам, юраги ҳам «полвон» экани ҳеч кимга сир эмас. Бунга мисоллар кўп, аммо иккитасини эслаш кифоя:

  1. Ўтган йили тарқалган аудиолардан бирида у Соғлиқни сақлаш вазири А.Шодмоновни (эндиликда собиқ) «вазирча» деб ҳақоратлаганди.
  2. Шу йилнинг 16 август куни (карантин қоидалари э-энди юмшатилган пайтда!) кичик қизининг 19 ёшга тўлиши муносабати билан каттагина (афтидан 30 кишидан кўп!) зиёфат уюштириб «ставкаси» баланд хонанда Муниса Ризаевани хизматга чақирганди. 

Ҳар икки ҳолатда ҳам ҳеч ким ҳокимнинг мушугини «пишт» демаганди. Бу сафар ҳам шундай бўлиши эҳтимоли юқори. 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг