Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шифокор. Вазир. Қаҳрамон она. Еврокомиссия президентлигига илк бор аёл арбоб сайланди

Шифокор. Вазир. Қаҳрамон она. Еврокомиссия президентлигига илк бор аёл арбоб сайланди

Урсула фон дер Ляйен.

Фото: «BBC»

16 июль куни Европа иттифоқи бошқаруви тарихида янги саҳифа очилди. Иттифоқнинг ижроия органи саналган Европа комиссияси президентлигига илк бор аёл арбоб сайланди.

Сўнгги олти йилда Германия мудофаа вазири лавозимида ишлаб келган Урсула фон дер Ляйен номзодини Европарламентнинг 751 депутатидан 383 нафари қўллаб-қувватлади. Амалдаги раҳбар Жан-Клод Юнкер жорий йил 1 ноябрда Ляйен хонимга Еврокомиссия президентлигини топширади. Демак, келгуси 5 йилда Евроиттифоқ ижроия ҳокимиятига олмон сиёсатдони етакчилик қилади.

Тиббиётдан – сиёсатга

Урсула фон дер Ляйен 1958 йили Бельгияда туғилган. 13 ёшида оиласи билан Германияга кўчиб борган. Отаси Эрнст Альбрехт ўз даврида Еврокомиссияда масъул раҳбарлик лавозимларида ишлаган, Қуйи Саксония ҳукуматини бошқарган.

Билимга чанқоқ Урсула дастлаб иқтисодий йўналишда таҳсил олади. Аммо шифокорликка қизиқиш касб-корини ўзгартиришга ундайди. У Ҳанновер тиббиёт институтини тамомлаб бир неча йил давомида акушер-гинеколог сифатида фаолият юритади. Юксак парвозларни кўзлаган Урсулага тиббиёт соҳаси ҳам торлик қилади ва қирқ ёшида Германиядаги етакчи сиёcий ҳаракат – Христиан-демократлар иттифоқи партиясига аъзо бўлади.

Фото: «topwar.ru»

Қуйи Саксония ҳукуматида ишлаган кезлар мамлакат канцлери Ангела Меркель назарига тушади. Тез орада у Берлинга – оила, кексалар, хотин-қизлар ва ёшлар масалалари бўйича федерал вазир лавозимига таклиф этилади. Ташаббускор Урсула фон дер Ляйен тизимни ислоҳ қилишга киришиб, тез орада мамлакатдаги машҳур сиёсатчилардан бирига айланади. Меркель хоним 2009-2013 йилларда уни меҳнат ва ижтимоий муносабатлар вазири лавозимида синаб кўради. Урсула фон дер Ляйен ушбу лавозимда ишлаган кезлари йирик компаниялар бошқарув кенгашида аёллар учун 30 фоизгача квота ажратиш таклифи билан чиқади. Вазирнинг таклифи парламент томонидан маъқулланади. 

2013 йилда эса у Германия тарихида илк бор мудофаа вазири лавозимига тайинланади. Таҳлилчиларга кўра, Ляйен хоним асосан «патриархат» тартиби ҳукм суриб келган мудофаа жабҳасида ҳам хотин-қизлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича талай ишлар амалга оширган.

Урсула фон дер Ляйен канцлер Ангела Меркелнинг яқин маслакдоши саналади. Бир неча йил аввал у канцлернинг эҳтимолий вориси сифатида ҳам кўрилган. Меркел шогирди ва сафдошини ўз ўрнига қолдирмаган бўлса-да, Евроиттифоқ миқёсидаги ўта масъулиятли лавозимга тавсия қилди.

Кейинги йилларда дунё сиёсатдонлари орасида оила қурмаслик, фарзанд кўрмаслик ҳолати кенг ёйилмоқда. Бу жиҳатдан, Еврокомиссиясининг янги раҳбари «қаҳрамон она» сифатида катта сиёсатдаги анча-мунча ҳамкасбларига ибрат бўла олади. У турмуш ўртоғи, тиббиёт профессори Хайко фон дер Ляйен билан етти фарзандни тарбиялаб вояга етказган.

Берлиндан – Брюсселга

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Еврокомиссия ЕИ қонун лойиҳаларини ишлаб чиқади, жумладан, бюджетни шакллантиради ва унинг ижросини мувофиқлаштиради. Ғазна эса, табиийки, ўнлаб ривожланаётган мамлакатларникидан бойроқ: 2019 йилда Евроиттифоқ бюджети 166 миллиард еврони ташкил этган. Еврокомиссия раҳбари, шунингдек, Жаҳон савдо ташкилоти, «Катта еттилик» каби бирлашмаларда ЕИни тамсил этади.

Брюсселда туғилган Ляйен хоним орадан 60 йил ўтиб, киндик қони тўкилган шаҳарга қайтмоқда, қайтганда ҳам кимсан Еврокомиссия президенти сифатида! Хўш, у янги президент сифатида қандай ўзгаришларга қўл уриши кутилмоқда?

Масъул вазифага тасдиқланиш арафаси Европарламент депутатлари қаршисида нутқ сўзлаган олмон сиёсатдони қонун устуворлигини мустаҳкамлаш асосий вазифаси эканини таъкидлаган.

Фото: «Украина.ру»

«Еврокомиссия президенти сифатида менинг биринчи вазифам ЕИнинг барча мамлакатлари мустақил экспертлар томонидан назорат қилиб бориладиган янги механизмни жорий этишдан иборатдир. Тартиб-қоида бузилган ерда эса қатъий жазо чоралари кўрилади», – деган у.

Ляйен хоним Евроиттифоқ миқёсида қашшоқликка қарши кураш, хотин-қизлар ҳуқуқларини муҳофаза этишни кучайтириш, хусусан, бошқарув тузилмаларида аёлларга квотани оширишга ҳам ваъда берган. Миграция сиёсатини ислоҳ этиш, умумий сарҳадларни мустаҳкамлаш, Евроиттифоқда фаолият юритаётган йирик компанияларга солиқларни ошириш ҳам янги президент илгари сурган ташаббуслар сирасига киради. 

Кейинги йилларда Евроиттифоқ зиддияту мунозаралар майдонига айланди. Демак, янги вазифада Ляйен хонимга осон бўлмаслиги аниқ. У ҳам бирлашув тарафдорлари, ҳам интеграция мухолифлари билан бирдек тил топишиши талаб этилади. Сирасини айтганда, федераллашув ҳамда умумевропа армияси ғояси тарафдори бўлган олмон сиёсатдони биринчи галда «Европа умумий уйи»даги бўлиниш кайфиятига барҳам бериши лозим.

Собир Салим

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг