Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шифокор кучли совуқ қўзғатадиган аллергиядан огоҳлантирди

Шифокор кучли совуқ қўзғатадиган аллергиядан огоҳлантирди

Фото: Xabar.uz

Шу кунларда юртимизда аномал совуқ кузатилмоқда. Бундай ҳарорат баъзи инсонларда аллергик реакцияларни ҳосил қилиши мумкин.

Республика илмий ихтисослаштирилган аллергология маркази директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Илмира Розиқова ССВ матбуот хизмати билан шу ҳақдаги тавсиялари билан ўртоқлашди.

— Совуқ оқибатида пайдо бўладиган аллергия тананинг паст ҳарорат таъсирига ҳаддан ташқари сезгирлигини англатади, — дейди профессор. — У кўпроқ аёллар ва болаларда кузатилади.

Ушбу касаллик, аввало, иммунитет тизимининг заифлиги аломати. Бундай инсонлар совуқ билан юзлашганда, организм ноёб патологик оқсил — криоглобулин ишлаб чиқара бошлайди.

У иммунитет ҳужайралари томонидан ёт унсур сифатида қабул қилиниб, ҳужумга учрайди. Бу жараёнда фаол ишлаб чиқариладиган гистамин моддаси эса аллергик реакцияга сабаб бўлади.

Хасталик турли кўриниш ва шаклларда намоён бўлиши мумкин: эшакеми, ринит, конъюнктивит, дерматит, астма. Ҳатто оғир ҳолатларда баъзи беморларда Квинке шиши ҳам ҳосил бўлиши мумкин. Улар орасида энг кенг тарқалгани эшакеми бўлиб, танада пуфакчалар пайдо бўлиши билан тавсифланади.

Совуқдан аллергия белгилари изғирин ҳарорат таъсиридан 3-5 дақиқа ўтгач пайдо бўлади ва аломатлар 1-2 соатдан бир неча кунгача давом этиши мумкин.

Касалликнинг ўткир ва сурункали шаклида қўл, юз, ёноқ ва оёқларларда кучли қичишиш юзага келиб, сўнгра терида қизил доғ ва пуфакчалар ҳосил бўлади.

Баъзан титроқ, умумий ҳолсизлик, юрак уриши тезлашиши ва бўғимларда оғриқ кузатилади. Нафас қисиши, тахикардия, қон босими пасайиши, кўнгил айниши, қусиш, қорин оғриғи безовта қилиши мумкин.

Ўткир респиратор вирусли касалликка чалинган, аллергияга наслий мойиллиги бор, ошқозон-ичак йўллари ва жигар хасталикларидан азият чекаётган беморларда совуқ ҳарорат таъсирига кўпроқ сезгирлик кузатилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг