Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шерзод Шерматов  «EPAM Systems» компанияси раҳбарияти билан учрашди

Шерзод Шерматов  «EPAM Systems» компанияси раҳбарияти билан учрашди

Фото: «Mitc.uz»

21 декабр куни Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов «EPAM Systems» офисида компания раҳбарияти билан учрашди.

Вазир «EPAM Systems» фаолияти билан яқиндан танишди. Ўзаро мулоқотда ушбу компания фаолиятини янада ривожлантириш, хусусан, IT-Парк резидентлари учун осонлаштирилган визаларни тақдим этиш, йирик ахборот технологиялари иштирокида соҳанинг муҳим тадбири (IT Global MeetUp)ни ташкиллаштириш масалалари кўриб чиқилди.

«EPAM Systems» — IT-Парк резиденти ҳисобланади, компания ўзи учун керакли мутахассисларни тайёрлаш ишларини ҳам амалга оширмоқда. Компания ахборот технологиялари мутахассисларини тайёрлашга ихтисослаштирилган маҳаллий ўқув муассасалари билан ҳамкорликни йўлга қўйган. Хусусан, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ва Тошкент шаҳридаги Амити университетида «EPAM» лабораториялари ташкил этилди. 2021 йилда компания иштирокида 100 га яқин IT-мутахассислар тайёрланди.

Маълумот учун: «EPAM Systems» — дастурий таъминот ишлаб чиқиш ва IT-соҳада консалтинг хизматларини кўрсатиш бўйича жаҳондаги энг йирик компаниялардан бири. Компания 30 дан зиёд мамлакатларда фаолият юритмоқда. Компания МДҲ давлатларида ўз ваколатхоналарини очган (Россия, Беларус, Украина, Қозоғистон). Ходимлари сони 43 минг нафардан ортиқ.
Компаниянинг Ўзбекистондаги филиали 2019 йилда очилган бўлиб, ҳозирда 300 нафардан ортиқ мутахассислар фаолият юритяпти.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг