Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Анвар Намозов

Дунёда тасодиф йўқ, бу сўзларни ўқиётганингиз ҳам тасодиф эмас!

Асадбекдан талаб қилинган алимент. «Шайтанат» китоби, киноси, прототиплари ва... ҳаммаси ҳақида

Асадбекдан талаб қилинган алимент. «Шайтанат» китоби, киноси, прототиплари ва... ҳаммаси ҳақида

Тоҳир Малик билан 3-суҳбат

Хабарингиз бор, «ЗўрТВ»да кўп қисмли «Шайтанат» бадиий фильми намойиш этила бошланди. Ваҳоланки, у икки йил муқаддам давлат телеканалида кўрсатилиши кутилган, ҳатто эълон қилинган эди. Ўшанда сайтимизда ушбу асар муаллифи, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Малик билан иккита суҳбат берилганди.

Биринчи суҳбат

Иккинчи суҳбат

Кўпчилик мухлислар қатори устоз ҳам узоқ вақт тақиқда бўлган «Шайтанат» фильми намойишини кутган эди. Йўқ, одатдаги «негадир» туфайли ўшанда фильм намойиш этилмади, бунга изоҳ ҳам берилмади. Тоҳир ака бултур ёзда вафот этди.

Мана энди хусусий телеканал «Шайтанат» фильмини кўрсатмоқда. Шу муносабат билан эътиборингизга учинчи суҳбатни ҳавола этишни лозим топдик. Унда «Шайтанат» фильми, киносценарий ёзишни истамаган муаллиф, Ёдгор Саъдиевдан талаб қилинган алимент хусусида билиб оласиз. Режиссёрнинг эътирози: бор-йўғи иккита одам ўлди... Нега Жаҳонгир Қосимов «Шайтанат»нинг кейинги қисмларига режиссёрлик қилишдан бош тортган?.. «Бахт йўқ эди, бахтсизлик ёрдам берди». Бир кечада яралган қўшиқ. Дарвоқе, фильм нима сабабдан тўхтатилган? Монтаж хонасидан ўғирланган плёнка. Хитойда чиқарилган «Шайтанат»...

А.Н.: Устоз, айрим фикрларни такрорлашни яхши кўрасиз. Ҳатто баъзи фикрлар бир китобдан бошқасига ҳам ўтади. Бу камчилигингизми?

Т.М.: – Баъзилар камчилик ўрнида кўришлари мумкин. Эътиборсизлиги учун такрорлаяпти, дейишса ҳам эҳтимол. Лекин ундай эмас. Мен ўзимга ёққан фикрларни атайин такрорлаб туришни ёқтираман. Ҳаёт учун зарур бўлган қайсидир фикр бир китобда ёзилса-ю, ўқувчи эътиборсиз ўтиб кетган бўлса, яна диққатини тортиш учун такрорлайман. Масалан, «Эй Одам фарзанди, мен зулмни Ўзимга ҳаром қилдим, бас, бир-бирларингизга зулм қилманглар», деган қудсий ҳадисни бир неча китобда такрорлаганман. Аслида бу хитобни ҳар бир одам ёдлаб, амал қилишини истар эдим. Ёки нафс ҳақидаги фикрлар ҳам шулар жумласидан. Жалилнинг «Худодан қайтибди» деган гапи ҳам шунақа. Биз ҳар қандай ишимиз учун Аллоҳдан ажр олмоғимизни унутмаслигимиз керак. Агар бу ҳақиқатни ўзимиз ҳам такрорлаб турмасак, унутиб қўйишимиз мумкин. Асадбеклар шундай унутувчилардан эди. Биз ундай бўлмайлик.

А.Н.: «Шайтанат» видеофильми ҳам суратга олинди ва ўша пайтда чинакамига «бум» бўлди. Режиссёр Жаҳонгир Қосимов ишлаган биринчи фасл, ҳатто Россия телеканали орқали намойиш этилди. Ўша кунларни бир ёдга олсангиз. Видеофильм сценарийсини ҳам ўзингиз ёзганмисиз?

Т.М.: – Аввало «видеофильм» эмас, балки «тўлиқ метражли бадиий фильм» деб сифатланади. Сценарий ёзишни эса истамаган эдим. Бу иш вақтимни ўғрилаб, асосий ижоддан четга чиқиб кетишим мумкин эди. Умуман, кино санъаткорларидан сал узоқроқ юришни маъқул кўраман. Улар тартиб-интизом нималигини билишмайди. Суратга олишни эрталаб ўнда бошлаймиз, маслаҳатингиз керак, деб чақиришади. Бораман. Мўлжалдаги иш кеч соат ўнда ҳам бошланмайди. Ё асосий актёр кечикади, ё гримчининг қорни оғриб қолади... Бир куни Жаҳонгир келдилар. «Фильмнинг уч қисмини олиб бўлдик. Энди иккита одам ўлди, бунақада фильм қизиқарли чиқмайди», дедилар. Ажабландим: «Нечта одам ўлиши керак? Айтаверинг, истаганингизча «ўлдириб» берайин, аммо сиз артист етказиб бера олармикинсиз? – деб ҳазиллашдим, сўнг жиддий тарзда танбеҳ бердим: – «Шайтанат» ур-сур, бос, от, ўлдир!» тарзидаги асар эмас. Балки, томошабинни фикрлаш, таҳлил қилиш ва ҳаётдан тўғри хулоса чиқаришга даъват этувчи бўлиши керак». Шундан сўнг Ёдгор акамиз «Сценарийни ўзингиз ёзасиз», деб қаттиқ талаб қилиб туриб олдилар. Суратга олиш жараёнига тез-тез таклиф қиладиган бўлдилар. Сценарийни «пишитиш»да бирга ўқиб, «маслаҳат» қилардик. «Маслаҳат»ни қўштирноқ ичига олганимнинг боиси, бироз ўзгартиришни маслаҳат сифатида айтардилар ва... ўз билганларидан қолмасдилар. Камина табиатан ювош бўлганимданми, барча инжиқликларига кўнганман. Китоб билан кино орасидаги фарқ асосан Ёдгор акамизнинг талабларига кўра юзага келган. Бир куни у кишига «Асадбек энди иккаламизнинг фарзандимиз бўлди», десам, «Розиман, фақат мен отаси, сиз онаси бўлдингиз», дедилар. «Розиман, фақат менга алимент тўлаб турасиз», – дедим. Кулишдик. «Хўп», дедилар-у, аммо ўзлари алимент тўлашдан қочиб юрувчи номард оталардан эканликларини билдириб қўйдилар.

Жиддий гапга кўчсам, кинофильмда қанчалик ўзгариш бўлганидан қатъи назар, кинофильм юксак профессионал маҳорат билан яратилган. Ёдгор Саъдиев биринчи китобни ўқибоқ, «Мен шу асарга касал бўлдим», дедилар. Аслида «Шу асарга ҳомиладор бўлдим», деганлари тўғрироқ эди. Чунки барча тўлғоқ азобларини ўз зиммаларига олдилар. Барча ташкилий-молиявий ишлар Ёдгор акамизнинг зиммаларида эди. Бош роль ижроси, сўнгроқ саҳналаштирувчи режиссёрлик... осон иш эмас. Дадил айтишим мумкинки, бу фильмни Ёдгор акамиздан бошқа ҳеч ким ололмас эди! Киши доимо яхши ният қилиб юриши керак. Биринчи китобни ёзаётганимдаёқ, «агар шу асар кино бўладиган бўлса Асадбекни Ёдгор Саъдиев ўйнаши керак», деб ният қилган эдим. Фаришталар «омийн» деган экан. Асардаги Жалил образини ёзишда курсдош дўстим Абдужалил Зокировнинг феъл-атворидан фойдаланганман. Абдужалил ғоят покиза, тўғрисўз, дангалчи эди. Кинофильмдаги Жалилнинг уйи саҳнасини айнан Абдужалилнинг уйида олишган. Дастлабки олти қисм намойиш этилганида дўстим қўнғироқ қилиб: «Ҳа, боплабсанлар», деди. Бу унинг менга айтган охирги гапи эди... Мен Абдужалилнинг Ёдгор акамизга маҳалладош эканини билардим. Кинога олиш жараёни бошланганда билдимки, у «Асадбек» акамиз билан бир синфда ўқиган экан. «Жалилни тўппа-тўғри ёзгансиз, синфда ҳамма мендан қўрқар эди, фақат Абдужалил қўрқмасди. Дўқ қилсам, «Бор-е!» деб қўл силтаб кетворарди», – дедилар Ёдгор акамиз. Хайрулла ака эса Жалил ролини ижро этишга маҳлиё бўлиб қолдилар. Ҳатто олтмиш йилча олинмаган сочларини олдиришга кўндилар. Артистларга хос ҳазил-ҳузул билан махсус «соч олиш маросими» ҳам ўтказилган. Деярли барча артистлар ўзларига белгиланган ролларни жону диллари билан ижро этдилар. Фильмни ишлашга қизиқиш жуда кучли эди. Айрим актёрлар «текинга ўйнаб берамиз», деб келишарди.

Яқинда бир режиссёр ёш актёрдан нолиди: «Эллик миллион сўм талаб қиляпти, мен унга шунча пулни қаердан топаман, кинонинг ярмини суратга олганман. Энди шу боланинг ролини чиқариб ташлашга мажбурман...»

«Шайтанат» кинофильмини ишлашда бундай муаммолар бўлмаган. Фильм бирон кишининг уйида ё идорасида олинса, уларга ҳам ҳақ тўланиши керак экан. Кўп уй ва идора эгалари бундан ҳам воз кечди. Хуллас, кинофильмни суратга олиш жараёнида холис хизматлар кўп бўлдики, кино экранда ўзлари кўринмасалар ҳам хизматлари катта бўлган барча-барчага миннатдорлик билдириб, ҳақларига қайта-қайта дуолар қиламиз.

А.Н.: Жаҳонгир Қосимов кейинги фаслларни суратга олмади. У фильмдан кетди. Қосимов билан бирга Зайнабни ўйнаган Наврўза Бийназова ҳам ўзини четга олди. Навбатдаги қисмларни Ёдгор Саъдиев суратга туширди. Қосимовнинг нима сабабдан кетганига журналистлар жавоб олишолмади. Мана, йиллар ўтиб бу саволга сиз жавоб берсангиз...

Т.М.: – Ёдгор акамизга кинофильмга Жаҳонгир режиссёр бўлсин, деб мен таклиф қилганман. Чунки Жаҳонгир ўзбек кинорежиссёрларининг янги маҳоратли авлодига мансуб эди. Асарни нозиктаъблик билан тушунарди. Унинг телефильмларидаги режиссёрлик маҳорати мени лол қолдирганди. Санъат оламида режиссёр билан актёрнинг тил топишиб ишлаши оғир масала. Лекин Жаҳонгир билан Ёдгор акамиз аҳиллик билан иш бошлашди. Ёдгор акамизнинг табиатларида ўжарлик, кескинлик бор. Иш пайтида бақириб юборишлари ҳам мумкин. Лекин иш якунига етгач, узр сўраш фазилатлари ҳам бор. Ёдгор акамиз Жаҳонгирнинг барча инжиқликларини кўтардилар. Унга меҳрибон ака мақомида эдилар. Агар кинофильмни чиройли саройга ўхшатсак, Жаҳонгир бу саройнинг пойдеворини пишиқ қилиб қуриб берди. Дастлабки олти қисм намойиш қилиниб, шуҳрат топган кезларда Жаҳонгир ҳеч кутилмаганда режиссёрликдан воз кечди. Бу қарорни эшитиб, Ёдгор акамиз жуда қаттиқ эзилдилар. Жаҳонгирга ялинганларига ўзим гувоҳман. Жаҳонгирнинг қарори ва ўжарлигига сабаб-баҳона йўқ эди. Ҳозир ҳам асл сабабини айтмаса керак. Лекин менинг тахминим бор. Гап шундаки, асар шуҳрат топиб боргани сайин унга ғайирлик қилувчилар сони ортиб борди ва турли йўллар билан халақит беришга интилиш бошланди. Жаҳонгирнинг қарори шундай интилишларнинг натижаси эди. Назаримда у ўз ташаббуси билан қилмади бу ишни. Қайсидир акаларининг таклифи, балки талаби билан ўзи яхши кўриб бошлаган ишдан воз кечди. Бу унинг катта хатоси эди. Бу хатони ҳозир тан оладими ё йўқми, билмайман. Лекин ўшанда тан олмаганди.

Ғайирлик қилувчилар Жаҳонгир режиссёрликдан кетиши билан кинога олиш иши тўхтайди, деб ўйлаб янглишишди. Русларнинг «Бахт йўқ эди, бахтсизлик ёрдам берди», деган мақоли бор. Шу баҳонада Ёдгор акамизнинг кинорежиссёрлик маҳоратлари кўп қирралари билан янада очилди. Жаҳонгир режиссёрликдан воз кечгач, Наврўза бош ролни ижро этишдан бош тортди. Аслида мен унга бу ролнинг берилишига қарши бўлган эдим. Биринчидан, ҳусни бинойи бўлгани билан, менинг тасаввуримдаги Зайнаб эмасди. Иккинчидан, ўзбек тилини билмасди. Учинчидан, у профессионал актёр эмас, тележурналист эди. Зайнабнинг руҳий кечинмалари, қалбдаги азобларни бера олмасди. Унинг воз кечишидан мен қувондим, Ёдгор акамиз эса, табиийки, ғоят эзилдилар. Унга ҳам ялиндилар. Наврўза билан Жаҳонгир телевидениеда бирга ишлардилар. Унинг ўжарлиги билан Жаҳонгирники ҳамоҳанг эди. Эҳтимол, ораларида ака-сингиллик меҳр-муҳаббати бўлгандир, Худо билади.

Хуллас, кинофильмнинг еттинчи қисмини суратга олиш ишлари ана шундай асабий ҳолда, қийинчилик билан бошланди. Бошқа актёрларга ҳам «Бу фильмда ўйнасанг келажагинг бўлмайди», деган гаплар айтилган экан. Лекин бундай нохушлик юз бермади. Фильмни суратга олиш юқори савияда давом этди. Қайсидир қисм тайёр бўлганида телевидениедаги монтаж хонасидан плёнка ўғирланди. Бу тасодифмиди ё кўнгли қораларнинг навбатдаги қилиғимиди, менга номаълум, Худо билади! Менга, сизга ва барча мухлисларга маълуми – кинофильмнинг ярмини намойиш қилиш тўхтатилди. Нима учун тўхтатилгани мухлисларга ҳам, сизга ҳам, ҳатто менга ҳам маълум эмас. Асарга юқори идораларнинг эътирози бўлмаган, бўлса эди, каминага «Халқ ёзувчиси» унвони берилармиди, китоблар қайта-қайта нашр этилармиди? Кинофильмни бадиий кенгаш аъло баҳода қабул қилди, аммо номаълум сабаб билан йўли тўсилди, афсуски, ҳамон тўсиқ. Аммо йўл очилишига умидимиз бор эди.

А.Н.: Ўзбекистон халқ артисти, Асадбек роли ижрочиси, маҳоратли актёр Ёдгор Саъдиев билан шу фильм баҳонасида яқин муносабатлар ўрнатилган бўлса керак?

Т.М.: – Биз тенгдош бўлсак-да, бу фильмга қадар яқин бўлмаганмиз. Мен Ёдгор акамизнинг маҳоратларини ҳамиша қадрлаб келганман. Айниқса «Сўнгги ўқ» видеофильмидаги ижролари барча каби мени ҳам лол қолдирган. Мен шу фильм баҳонасида Ёдгор акамизнинг болаликдаги дўстлари билан ҳам танишдим. Уларнинг ўзаро меҳр-оқибатлари «дўст» деган тушунчага сиғмайди. Бундай оқибатли ва меҳрибон дўстлар ҳаётда кам топилади. Менинг одатим: тобим қочса, ҳатто шифохонада ётсам ҳам бошқаларга билдирманглар, дейман. Иккинчи жарроҳликкадир (операцияга) ётганимда ҳам шундай бўлди. Лекин Ёдгор акамиз кимдандир эшитиб келдилар, «сизга бегонаманми, нега хабар қилмадингиз?» – деб мендан ранжидилар. Амалиёт 5-6 соат давом этибди. Машҳур жарроҳ профессор Низомхўжаев (ҳозир у кишига «Ўзбекистон Қаҳрамони» шарафли унвони берилган) амалиётни тугатиб чиқсалар, эшик ёнида Ёдгор акамиз турганмишлар. «Операция яхши чиқди, бир оздан кейин ҳушига келади», десалар, Ёдгор акамиз «Энди мастава ича оладиларми?» – деб сўрабдилар. Профессор эртасига мендан хабар олгани кириб, «Ёдгор ака сизни жуда яхши кўрар экан, фақат мастава ҳақидаги гапларига тушунмадим», дедилар. «Ёдгор акамиз билан менинг фарқим – мен мастава ичмайман, ҳатто қайнонамникига борганимда ҳам ичмаганман, Ёдгор акамиз эса аксинча, маставахўрлар, ҳар куни бир коса ичмасалар бўлмайди. Ҳайронман, маставанинг кучи билан қанақа кино ишлаш мумкин? Ёдгор акамиз «Тоҳир Маликка барибир мастава ичираман», деб катта кетганлар, шунинг учун операция натижасини илҳақ кутганлар», – деб ҳазиллашдим.

А.Н.: «Шайтанат» фильми учун махсус ёзилган шеър ва қўшиқнинг тарихи ҳақида ҳам сўзлаб берсангиз. Адашмасам, шеър матни муаллифи раҳматли Машраб Бобоев бўлган.

Т.М.: – Йўқ, ундаги икки қўшиқнинг шеърларидан бирини Қутлибека, иккинчисини Шукур Қурбон фильм учун махсус ёзиб беришган. Қутлибека китобдан таъсирланиб, менга қўнғироқ қилган эдилар. Қўшиқ учун шеър ёзиб бериш таклифимни дарров қабул қилдилар. Бу қўшиқни Ғуломжон Ёқубов ижро этдилар:

Биз ҳам туғилганда гулғунча эдик,

Юрак севги тўла тугунча эди,

Ҳаёт бахтга эгиз тушунча эди.

Бизни сен яратдинг, Золимлик!

Бу масалада Шукур Қурбонга ҳам мурожаат этиб, Элчиннинг тўйда айтадиган қўшиғини Абдулҳамид Чўлпон услубида ёзиб беришни илтимос қилган эдим, бу ҳам кўнглимдагидай бўлди. Билишимча, хонанда Азим Муллахоновга ҳам маъқул келиб, қўшиқ бир кечада яралибди. Мен биринчи эшитганимдаёқ сеҳрланиб қолдим. Зайнабнинг тўйи саҳнаси «Табассум» қаҳвахонасида олинди. Тасодифни қарангки, менинг никоҳдан ўтиш маросимим ҳам шу ерда бўлган эди. Суратга олиш пайтида қўшиқ бир неча бор янгради. Бир маҳал қарасам, қаҳвахона ходимлари йиғлаб ўтиришибди. Бу қўшиқ халқ орасида тез тарқалди, ҳатто тўйларда ҳам айтиладиган бўлди-ки, буни шоир ва хонанданинг катта ютуғи деб ҳисоблайман.

Ҳаёт – гулзор, дея кездим, тиконлари чиқди йўлдан,

На-да тиконлари, турфа илонлари чиқди йўлдан.

* * *

Борми ҳайрихоҳим, дедим ва ё ҳамдард, муҳаббатнинг –

Тоҳир Малик, Шукрдайин қурбонлари чиқди йўлдан...

(бу байт қўшиққа кирмаган).

Қўшиқ учун шеър ёзиб беришни шоирлардан илтимос қилишимнинг сабаби: дурустроқ шеър ёзишга менинг қобилиятим йўқ. Қофиядан нарига ўтмайдиган нарсаларни ёзишдан ўзгаси қўлимдан келмайди. Шунинг учун нуктадон шоирларнинг шеърларидан фойдаланаман. Китобда, юқорида айтганимдай, марҳум дўстим Асқар Қосимнинг шеърларидан кўпроқ фойдаланганман. Асарда мумтоз назмдан, хусусан, шайх Саъдий, Низомий Ганжавий, Алишер Навоий, Мирзо Бобур, Бобораҳим Машраб, Сўфий Оллоҳёр ҳазратлари ғазалларидан, улуғ устоз Абдулҳамид Чўлпон, раҳматли Рауф Парфи, Садриддин Салим Бухорий, замондош шоирларимиздан Абдулла Орипов, Турсунбой Адашбоев шеърларидан ҳам фойдаландим. Фурсатдан фойдаланиб, марҳумларни Аллоҳ мағфират қилсин, деб дуо қиламан, замондошларга эса миннатдорлигимни изҳор этаман.

А.Н.: «Шайтанат» рус тилига таржима қилина бошланганди, аммо кечикиб нашр қилинди.

Т.М.: – Биринчи китоби нашрга тайёр бўлган, деб эшитгандим. Лекин ноширлар «китоб сотилармикан?» деган хавотирда ишни охирига етказишдан чўчиб туришди, шекилли. Анча кейин чоп этилди. Хитойда уйғур тилида нашр этилди, деб эшитдим, лекин китобни кўрганим йўқ.

А.Н.: Сизнинг эпопеянгиздан сўнг детектив ёзадиганлар роса кўпайиб қолди. Айниқса, «янги» ёзувчилар кириб келишди. Уларнинг айримлари хориж детектив асарларидан плагиатлик  – кўчирмакашлик қилгани ҳам фош этилди. Алхусус, ўзи бизда детектив мактаби борми? Ёхуд дуч келган қаламкаш «Артур Конан Дойл», «Агата Кристи» бўлиб кетаверадими?

Т.М.: – Қани эди шундай бўлса! Ҳозиргилар Россия телевидениесида кўрсатилаётган ниҳоятда заиф, мантиқсиз сериаллардан ўрганишяпти. Оддий жумла тузишни билмайдиганлар ҳам «детектив-роман» ёзишяпти. Бу «роман»ларнинг бадиий адабиётга мутлақо алоқаси йўқ. Ҳозир бемаъни ашулалар кўпайганидек, детектив «асарлар» ҳам кўпайди. Бемаъни ашулаларга чек қўйиш, қобилиятсиз қўшиқчиларни санъатнинг покиза гулшанидан четлатишнинг бир йўли бор – агар уларга тўйларда тирикчилик қилиш йўли тўсилса, саҳна, телеэкран йўли ҳам ўз-ўзидан тўсилади. Бу менинг хомхаёлим, чунки бу нарса ҳеч қачон амалга ошмайди. Энди бемаъни асарларга келсак, «сериал асарлари»ни босувчи газеталар ёпилса, «ёзувчилар» йўли тўсилади. Ҳар бир нарсада меъёр бўлиш керак. Агар «детектив романлар» кўпаяверса, бадиий адабиётга салбий таъсир кўрсата бошлайди.

А.Н.: Детектив ёзадиганлар ва мазкур жанр ўқувчиларига нималар деган бўлардингиз?

Т.М.: – Бу саволингизга устоз Абдулла Қодирийнинг ҳикматлари жавоб бўлади: «Яхши билиш керакким, қалам ўқлоғи ва матбуот кетмон бозори эмас. Йўсунсиз равишда хотирға келган ҳар бир сўздан жумлалар тўқимоқ фазилат саналмайдир. Сўз қолип, фикр унинг ичига қўйилған ғишт бўлсин, кўбчилик хумдонидан пишиб чиқғач, янги ҳаёт айвонига асос бўлиб ётсин».

Ўқувчиларга эса таклифим бор: детектив асарни ўқиб чиққанингиздан сўнг, унга баҳо беришдан олдин «Ўткан кунлар» ёки «Меҳробдан чаён»ни синчиклаб ўқиб чиқинг. Ана шунда ўқиганингиз детективга бадиий асар талаби асосида тўғри баҳо бера оласиз.

А.Н.: «Шайтанат» каби ўткир сюжетли бошқа асарлар билан ҳам детектив ишқибозларини хурсанд қиласизми?

Т.М.: – Афсуски, йўқ. Менинг бошқа режаларим бор. Аллоҳ зеҳн қувватини берса, азиз мухлисларимизнинг холис дуолари билан иккита тарихий қисса ёзиш ниятим бор.

«Тоҳир Малик гурунглари» китобидан

 Устоз Тоҳир Маликнинг руҳи поклари шод бўлсин...

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг