Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шахсий фикри учун депутат истеъфога чиқмаслиги керак

Шахсий фикри учун депутат истеъфога чиқмаслиги керак

Кабул Дусов.

Фото: facebook.com/kobul.dusov.9

Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани Халқ депутатлари кенгаши депутати К.Дусовнинг «Фейсбук»да билдирган аёллар ва ёшлар масаласидаги шахсий фикрлари ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинмоқда. Депутатнинг бир гапи учун унинг истеъфосини талаб қилганлар ҳам чиқди.

АҚШнинг Висконсин университети докторанти, Вейнарт ишбилармонлик маркази тадқиқотчиси, иқтисодчи-эксперт Беҳзод Ҳошимов ушбу ҳолатда депутат истеъфога чиқмаслиги керак деб ҳисоблайди:

— Мен албатта бунга қаршиман, — деб ёзади у. — Бунга бир қатор сабабларим бор, энг муҳими, бизда энди пайдо бўлаётган демократиямизга бу ёмон таъсир ўтказади. Қаранг, нормал демократик мамлакатда ҳар бир инсон, ва айниқса сайланган миллат вакили, ихтиёрий фикр билдиришга ҳақли. Қайтараман, ихтиёрий, ҳеч қандай мустасно бўлиши мумкин эмас. Депутатнинг фикри мен учун шахсан аҳмоқона кўринди, менга жуда ёқмади, лекин бу билан ўша депутат бундай гапирмасин деб, уни ишдан олинишини талаб қилиш иккиюзламачилик бўлади.

Унинг айтган гаплари қонунга зид эмас, қонунчилигимизда сўз эркинлиги кафолатланади. Бунинг устига, депутатлар аслида халқ томонидан сайланган вакиллар, уларни фикри туфайли истеъфога чиқариш мутлақ хато ва ўта хавфли. Масалан, ҳозир партия уни ишдан олиб ташласа жуда ғалати  бўлади.

Тўғри, Тошкентнинг русийзабон вакиллари ичидаги инсонлар бу аҳмоқона гапдан қаттиқ таъсирланиб депутатга чора кўрилишини талаб қилишлиги қандайдир маънода тушунарли, лекин ўта хавфли нарса. Хавфлилиги шундаки, агар бир инсон қонуни бузмасдан фикр билдирса, унга чоралар кўрилиши аслида ноқонуний. Тасаввур қилинг, эртага қайсидир депутат бир гапни айтса, ва уни шу гапи ёқмаганлиги учун истеъфога чиқаришса, жуда ёмон иш-ку! Ахир уни сайловчиси бордир. Балки сиз уни сайлаган инсон билан қўл бериб кўришишга жирканарсиз, лекин уни исталган одамини сайлаш ҳуқуқидан жудо қилишингизга ҳеч қандай ҳаққингиз йўқ.

Сўз эркинлиги бу — сиз 100 фоиз қўшиладиган фикрни кимдир айта олиши эмас, асло, бу сиз умуман эшита олмайдиган, телевизорда чиқса кўра олмайдиган инсон ҳам ихтиёрий фикр ва мулоҳаза қилишга ҳақли деганидир. Энг ачинарлиси, бундай фикр асосан блогер ва журналистлардан чиқяпти. Тасаввур қилинг, журналистсиз, сизнинг ҳам фикрингиз кимгадир ёқмаса ва сизга шуни устидан чора кўришса? Бу депутатнинг ҳолати билан мақоласи туфайли ишидан ҳайдалган журналистнинг фарқи йўқ. Шунчаки кимнидир фикри сизга яқинроқ холос.

Қонуний нуқтаи назардан ҳам жуда ғалати иш бўлади, чунки депутатларни ҳеч ким аслида ишдан ололмаслиги керак. Яъни депутатнинг ишига ҳеч қандай тўсиқлар қилиш мумкин эмас, бежизга уларга қонуний «иммунитет» берилмаган. Депутат — ҳукумат аъзоси эмас, депутатни бошлиғи йўқ. Унинг бошлиғи, унинг сайловчиси. Балки, Дўсовнинг сайловчиларига унинг гапи мақбулдир?

Хуллас, биз халқ сифатида бир биримизнинг сўз эркинлигимизни муҳофаза қилишимиз керак, шу қаторда биз ёмон кўрган, биз эшитишни хоҳламаган, фикрлари асло мантиққа тўғри келмайдиган инсонларнинг фикрини ҳам муҳофаза қилишимиз керак. Мен уларни эшитинг демаяпман, эшитманг, лекин гапира олишига тўсқинлик қилманг.

Депутат ёқмаяптими? Кейинги сайловда унга қарши агитация қилинг ва қонуний йўл билан уни ютиб чиқинг. Ёки кимдир ютиб чиқишига ҳисса қўшинг. Асосийси, унинг истеъфосини ҳукуматдан талаб қилмаслик керак. Депутатни айтган гапи учун ишдан олиниши эркинликка ва демократияга нисбатан зарба бўлади.

Оруэлнинг «1984»ида фикр полицияси бор эди, ёмон фикрловчиларга қарши чора кўрадиган. Фикрларга чора кўрилмаслиги керак, фақат ноқонуний ҳаракатларга чора кўрилади.

Охирида, кўпчилик прогрессив блогерлар «агар ғарбда шундай деса, аллақачон ишдан ҳайдалар эди» дейишяпти. Бу асло хато. Масалан, ҳозир АҚШ конгресида Стив Кинг деган ирқчи депутат бор. У Республикачи. Ирқчилиги ҳаммага аён, беркитмайди ҳам, мана Нью Йорк Таймс у ҳақида ёзган. Республикачилар ҳам уни ҳайдай олишмайди — ахир уни халқ сайлаган. Европани-ку гапирмаса ҳам бўлади, аксарият мамлакатларда ғирт ирқчи партиялар парламентларда камида 1/10 жойни эгаллаб олишган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг