Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шахсга ўз ҳаёти ва мулкини ҳар қандай тажовуздан ҳимоя қилиш ҳуқуқи берилади – Адлия вазири

Шахсга ўз ҳаёти ва мулкини ҳар қандай тажовуздан ҳимоя қилиш ҳуқуқи берилади – Адлия вазири

Адлия вазири Русланбек Давлетов мулк ҳуқуқи масаласи ҳамда мулкий муносабатларга асоссиз аралашувга йўл қўймаслик ва хусусий мулкнинг капиталлашув даражасини оширишга қаратилган Президент Фармони юзасидан ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

Вазирнинг таъкидлашича, адлия тизими мулк ҳуқуқи масаласига алоҳида эътибор билан қараб, уни ривожланишнинг энг муҳим омилларидан бири сифатида қадрлаб келмоқда.

«Аммо мулк ҳуқуқи йўналишида силлиқ ривожланяпмиз дея олмаймиз: “снос” ва шу каби мулк билан боғлиқ бошқа чақириқлар жамиятда мавжуд экан, биз ўз миссиямизни бажардик дейишга ҳаққимиз йўқ. Демак, бу борадаги қадамларимизни янада дадилроқ давом эттираверамиз», – дейди Давлетов.
У, шунингдек, жорий йил 22 август куни бўлиб ўтган давлат раҳбарининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти хусусида ҳам тўхталиб, мулкий муносабатларни тартибга солишга оид Президентнинг тегишли Фармонига ҳам шарҳ бериб ўтди.

«Фармон билан халқимизнинг, тадбиркорларнинг ва ҳар бир инсоннинг ўз мулкига эркин эгалик қилиши ва ундан фойдаланишига тўсқинлик қилаётган кўплаб тартиблар, талаблар ва чекловлар бекор қилинди. Жумладан:
– эндиликда мулкка бўлган ҳуқуқни қайсидир орган томонидан (простест асосида ҳам) олдин қабул қилинган ҳужжатни бекор қилиш орқали тугатиш мумкин эмас. Агар ҳужжат ноқонуний қабул қилинган бўлса, фақат суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.
Охирги 2,5 йилда ҳокимларнинг қарорлари билан берилган 2,5 мингдан ошиқ ер участкаларига (101 минг гектар) бўлган ҳуқуқлар уларнинг ўзи ёки юқори турувчи органлар томонидан, шу жумладан, прокурор протестлари асосида суд қарорисиз бекор бўлган.

– бундан буён юридик шахс тугатилганда, унинг қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкасига бўлган ҳуқуқлари бекор қилинмайди ва ер давлат захирасига қайтариб олинмайди. Аксинча, ушбу ерлар тугатилаётган юридик шахс муассисларига ўтади;

– ердан ихтиёрий воз кечиш (айниқса фермерлар томонидан) нотариал тасдиқланиши ва давлат рўйхатидан ўтказилиши белгиланмоқда, бунда ҳоким томонидан қарор қабул қилиш талаби бекор қилинмоқда.
Сўнгги 2,5 йилда 20 543 та ер участкаси (2,6 млн гектар) “ердан ихтиёрий воз кечилганлиги ҳақидаги ариза”га асосан қабул қилинган ҳоким қарори билан захирага қайтарилган;

– мулкдор билан қариндошлик алоқаларига эга бўлмаган шахсларни турар жойдан доимий рўйхатдан чиқариш учун уларнинг розилигини олиш талаб этилмайди.
Охирги 2,5 йилда фуқаролик судларига шахсни турар жойдан рўйхатдан чиқариш бўйича 8 954 та даъво аризалари киритилган, шундан 7 311 таси (82 фоизи) қаноатлантирилган;

– кўчмас мулк бўйича давлат реестрига ноқонуний ёки ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларнинг киритилиши натижасида унга ишониб ҳаракат қилган шахсларга етказилган зарар (Торренс тизими) ҳамда турар жой инсофли эгалловчидан талаб қилиб олинмаслиги натижасида унинг ҳақиқий эгасига етказилган зарар қопланиши белгиланмоқда. Бу мақсадда махсус жамғарма фаолият юритади;

– ҳозирда 20 дан ортиқ давлат органлари судларда фуқароларга нисбатан мулкий даъволар киритишда давлат божи тўлашдан озод қилинган. Эндиликда уларнинг сони қисқартирилиб, имтиёзидан фойдаланган ҳолда етарли асослар бўлмаса ҳам судларга даъволар киритиш ҳолатларига чек қўйилади.

Масалан, сўнгги 2,5 йилда давлат органлари томонидан киритилган даъволарнинг 42 фоизи рад қилинган ёки кўрмасдан қолдирилган.
Фуқаролар эса ўз мулкини ўзганинг ноқонуний эгалигидан талаб қилиб олиш тўғрисидаги даъволари бўйича давлат божидан озод қилинади;

– шахсга нафақат ўзининг ҳаётини, балки ўз мулкини ҳам ҳар қандай тажовуздан ҳимоя қилиш ҳуқуқи берилади (қонунда белгиланган чегарада);) 

– Шахснинг тергов давомида мулкини хатлаб қўйиш ҳам судлар ваколатига берилиши эса “Хабеас корпус” институтини янада кенг жорий этишга хизмат қилади.

Адлия вазирлигига эса юқорида келтирилган янги тартибларни назарда тутувчи “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳририни ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди», – дейди Адлия вазири Русланбек Давлетов. 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг