Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шавкат Мирзиёев япониялик бизнес вакилларини Ўзбекистонга таклиф этди

Шавкат Мирзиёев япониялик бизнес вакилларини Ўзбекистонга таклиф этди

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Токио шаҳрида Япония ишбилармон доиралари вакиллари билан учрашув ўтказди. Президент матбуот хизмати маълум қилишича, учрашувда «JETRO», «JICA», «JABIC», «NEDO», «JOGMEC», «Mitsubishi», «Itochu», «Sumitomo», «Marubeni», «Isuzu» каби корпорация ва компаниялар, молиявий тузилмалар раҳбарлари иштирок этди.

Учрашув аввалида 16 декабрь куни Токиода бўлиб ўтган Япония — Ўзбекистон бизнес форуми натижалари ҳақида ахборот берилди.

Президентимиз Япония компаниялари ва молиявий тузилмаларини Ўзбекистонда инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда фаол иштирок этишга таклиф этди.

— Япония — бизнинг стратегик шеригимиз. Ўзбекистонда иқтисодиёт тармоқлари ва инфратузилмани модернизация қилиш бўйича ҳамкорликда кўп ишлар қилинди. Биз бу алоқалар тарихида янги саҳифа очиш ниятида келдик. Савдо, энергетика, геология, кимё, транспорт, туризм, мева-сабзавотларни қайта ишлаш ва хизмат кўрсатиш тармоқларида имкониятлар, янги лойиҳалар кўп, — деди Шавкат Мирзиёев.

Иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларга тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар фаол жалб этилмоқда. Хорижий инвесторлар учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Улар фаолиятини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш учун зарур норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Бизнесни ривожлантириш йўлидаги турли тўсиқларга барҳам берилди, ташқи савдо ва божхона-тариф назорати сезирларли даражада қисқартирилди.

Ишбилармонлик муҳитини яхшилашга қаратилган ушбу янгиланишлар натижасида Жаҳон банкининг «Бизнесни юритиш-2020» рейтингида Ўзбекистон охирги бир неча йил ичида 100 поғонага кўтарилиб, 69-ўринни эгаллади ҳамда йигирмата энг намунали ислоҳотчи давлат қаторига кирди. Янги корхона очиш қулайлиги бўйича мамлакатимиз илк бор дунёда саккизинчи ўринни эгаллади.

Президентимиз Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ортга қайтмаслигини, иқтисодиёт изчил модернизация қилинишини таъкидлади.

Япониялик тадбиркорлар юртимиздаги ўзгаришларни юқори баҳолади. Валюта тизимининг либераллаштирилиши, виза олиш тартибининг соддалаштирилиши ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш учун қулай имкониятлар яратганини таъкидлади. Улар Ўзбекистон Президентининг расмий ташрифи икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги ўзаро манфаатли алоқаларни янги мазмун билан бойитишига ишонч билдирди.

Учрашувда икки мамлакат компаниялари ва молиявий ташкилотлари ўртасидаги шерикликни янада ривожлантириш масалалари, қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш, ўзаро товар етказиш ва хизмат кўрсатиш ҳажмини ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг