Шавкат Мирзиёев ХМК делегациясини қабул қилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 14 сентябрь куни Халқаро молия корпорацияси бошқарувчи директори Махтар Диоп бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Учрашув аввалида давлатимиз раҳбари таркибида ХМК ҳам фаолият кўрсатувчи Жаҳон банки гуруҳи билан самарали ҳамкорлик изчил ривожланаётгани ва стратегик шериклик мустаҳкамланиб бораётганини алоҳида таъкидлади.
Очиқ ва конструктив мулоқот, ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги даражага олиб чиқишга ўзаро интилиши туфайли Ўзбекистонда Жаҳон банки иштирокидаги қўшма лойиҳаларнинг портфели 5 миллиард долларга етган ҳамда мамлакатимиз иқтисодиётининг барча устувор соҳалари ва тармоқларини қамраб олган.
2016 йилда мамлакатимизда ХМК фаолияти қайта тикланди. Ўтган даврда Корпорация амалиётларининг ҳажми уч баробар ортиб, қарийб 200 миллион долларни ташкил этди.
Бугунги кунда давлат-хусусий шериклик тизимини ривожлантириш, транспорт соҳасини модернизация қилиш, банк секторини трансформация қилиш, микромолиялаш институтларини ислоҳ қилиш, тўқимачилик тармоғига халқаро стандартларни жорий этиш ва бошқа йўналишларда муҳим лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Музокаралар чоғида соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш, шу жумладан соҳада бошқарув тизимини такомиллаштириш ва жараёнларни рақамлаштиришга доир дастур ва лойиҳаларда ХМКнинг иштирокини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Бундан ташқари, тадбиркорлик соҳасида, бизнесни молиялаштиришнинг самарали механизмларини, давлат корхоналарини хусусийлаштириш ва давлат-хусусий шериклик тизимини ривожлантиришдаги илғор тажрибани жорий этиш борасида ҳамкорлик қилиш, шунингдек, Ўзбекистонда «яшил технологиялар»ни татбиқ этиш, шу жумладан энергетика ва қишлоқ хўжалигидаги инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш муҳим экани таъкидланди.
Қўшма «йўл харита»сини тайёрлаш ва мунтазам экспертлик учрашувларини ўтказишга келишиб олинди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter