Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шавкат Мирзиёев винобоп узумзорларни кўпайтиришни топширди

Шавкат Мирзиёев винобоп узумзорларни кўпайтиришни топширди

Фото: «Пресидент.уз»

Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 3 август куни виночилик соҳасини ривожлантириш, алкоголли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва экспорт қилишни кенгайтириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

2018-йилнинг биринчи ярмида мамлакат саноати 11 фоизга ўсган ҳолда, шаробсаноат тармоғидаги ўсиш бор-йўғи 0,9 фоизни ташкил этгани танқид қилинди. Ароқ ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш даражаси 71 фоиз, вино – 57 фоиз, спирт – 76 фоиз, шампан виноси – 7 фоизни ташкил этган. Оқибатда биринчи ярим йилликда ишлаб чиқариш прогнозлари бажарилмаган.

Яна бир жиҳат – шу соҳа ривожланган мамлакатларда алкогол маҳсулотлари ишлаб чиқариш таркибида вино улуши 75-80 фоизни ташкил этади. Ўзбекистонда виночилик эътибордан четда қолиб кетган, узум виноси ишлаб чиқариш сўнгги 10 йилда 2,5-3 баробар камайган. Бирламчи вино ишлаб чиқариш корхоналари хомашё камлиги сабабли мавжуд қувватлардан атиги 15 фоиз фойдаланмоқда. Виноматериал тайёрловчи корхоналарнинг атиги 25 фоизи модернизация қилинган.

Айнан шу боис виночиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, 2021 йилгача «Ўзшаробсаноат» тармоғидаги узумзорларни 20 минг гектарга етказиш режалаштирилмоқда.

Йиғилишда ушбу вазифаларни амалга ошириш, винобоп узумзорлар ва замонавий питомниклар ташкил этиш, ароқ заводларининг лицензия шартларига маълум майдонда узумзорлар барпо этиш ва тайёр вино маҳсулотлари ишлаб чиқариш талабини киритиш масалалари муҳокама қилинди.

Узумчилик ва узумни қайта ишлашни кескин ривожлантириш, алкогол маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватларини модернизациялаш ва янги қувватлар ташкил этишга қаратилган 5 йиллик дастур ишлаб чиқиш бўйича топшириқлар берилди.

«Ўзшаробсаноат» тизимидаги агрофирмалар фаолиятини танқидий кўриб чиқиб, ўзлаштирилмаган ёки самарали фойдаланилмаётган ер майдонларини винобоп узумзорлар ташкил этиш учун кластер усулида хусусий мулкдорларга бериш зарурлиги таъкидланди.

Жаҳон бозори талаби даражасидаги вино ишлаб чиқариш имконини берадиган «пино нуар», «шардоне», «совинон-блан» каби узум навлари қаламчаларини олиб келиб, қатъий карантин шароитида кўпайтириш вазифаси қўйилди.

Кўпчилик мамлакатларда узумдан бошқа мевалардан ҳам вино, сирка ва сидр тайёрланади. Ушбу хорижий тажрибани ўрганиб, қайта ишланмаётган мева-чевалардан маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва кейинги йилларда кенгайтириш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.

Виночилик ва алкогол маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳасига инвестиция киритиш, мавжуд қувватларни модернизация қилиш ва илғор технологияларни татбиқ этиш орқали тармоқ экспортини кескин ошириш бўйича топшириқлар берилди.

Алкогол маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва сотиш жараёнига ахборот технологияларини кенг жорий этиш, «ишлаб чиқарувчи – улгуржи сотувчи – чакана сотувчи – истеъмолчи» занжирини таъминлайдиган электрон тизим яратиш, юртимизга сифациз маҳсулотлар кириб келиши ва ноқонуний савдосининг олдини олиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг