Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги ҳолатни танқид қилди

Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги ҳолатни танқид қилди

Архив фото

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев атроф муҳитни муҳофаза қилишга қаратилан видеоселектор давомида Тошкент шаҳри, вилоятлар марказлари ва йирик шаҳарларда дарахтлар пала-партиш экилаётганини танқид қилди. Оқибатда экилган кўчатлар қуриб бораяпти. Бу ҳақда «Xabar.uz» мухбири маълум қилди.

— Тошкент шаҳри туманлари, вилоят марказлари ва йирик шаҳарларда дарахтлар ва экинлар маҳаллий иқлимни инобатга олмасдан, пала-партиш экилаётгани боис, кундан-кунга қуриб бораяпти.

Туман ҳокимлари ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини ўз ҳолига ташлаб қўйган, шаҳар кўчалари чиқиндига тўлиб кетгани билан ҳеч кимнинг иши йўқ.

Қани туман ҳокими, қани сектор раҳбари? — дея савол қўйди давлат раҳбари.

Президент ҳокимлардан бир ой муддатда Қашқадарё ва Самарқанд тажрибаларини барча ҳудудларда жорий этишни талаб қилди. Бунинг учун нима қилиш кераклигини ҳам кўрсатиб ўтди.

— Ҳар бир маҳаллага дарахтларни парваришлаш учун, Жамоат ишлари жамғармаси ҳисобидан 1 нафардан ишчи бириктирилади. Вилоят ҳокимлари ушбу тизимни амалиётга жорий қилишга масъул бўлади.

Шунингдек, туман ва шаҳар ободонлаштириш бўлимларига ажратилаётган 10 мингта штат доирасида ҳар бир туман (шаҳар) ҳудудидан келиб чиқиб, 5 та ишчидан иборат дарахтлар сақлаш бўйича гуруҳлар ташкил этилади.

Ушбу гуруҳлар ҳудудлардаги дарахтларнинг хатлови, парвариш қилиниши ва сақланиши билан шуғулланади, — деди Шавкат Мирзиёев.

Йиғилиш давомида вилоят ҳокимларига Ш.Назаров (Автойўл) билан биргаликда 1,3 минг километр магистрал йўллар бўйларига, ҳудудларнинг иқлимидан келиб чиқиб, сентябрь-декабрь ойларида 480 минг дона кўчат экиш топшириғи берилди. Шунингдек, келгуси йил баҳор ойларида 330 минг дона чинор, эман, жийда, терак ва бошқа дарахт кўчатлари экишни таъминлаш талаб қилинди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг