Шавкат Мирзиёев Сингапурда музокараларни бошлаб юборди (фото)
Бугун, 17 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Сингапурга давлат ташрифи доирасида олий даражадаги тадбирлар – ушбу мамлакат Президенти Ҳалима Яқуб билан музокаралар бўлиб ўтди.
Ўзбекистон-Сингапур саммитидан аввал Сингапур Президентининг «Истана» саройида давлатимиз раҳбарини расмий кутиб олиш маросими бўлди.
Сарой олдидаги майдонда олий мартабали меҳмон шарафига Фахрий қоровул саф тортди. Ҳарбий оркестр икки давлат мадҳияларини ижро этди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Сингапур Президенти Ҳалима Яқуб Фахрий қоровул сафи олдидан ўтиб, расмий делегациялар аъзоларини қутладилар.
Сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти шарафига Сингапурнинг миллий рамзи бўлган орхидея гулининг янги навига ном бериш маросими бўлиб ўтди. Бундай тадбирлар анъанавий равишда ушбу мамлакатнинг олий мартабали меҳмонлари ва таниқли арбобларга юксак ҳурмат ва эҳтиром белгиси сифатида ўтказилади.
Анъанага кўра, Президент Шавкат Мирзиёев гулнинг ёнига янги турдаги орхидеянинг номи - «Шавкат Мирзиёев орхидеяси» деб ёзилган тахтачани жойлаштирди.
Ушбу кўркам ва ёйилиб ўсувчи гул Encbi Purple ва Kila Blue орхидеяларининг гибриди ҳисобланади. Узунлиги 45 сантиметр бўлган қат-қат япроқли қўшгуллар, уларнинг ҳар бирида 17 тадан 20 тагача гул ҳосил қилади, ҳар бир гулнинг эни 5 сантиметр атрофида. Оч сиёҳранг барглар ва косачабаргларнинг чети майин бинафшаранг.
Шундан сўнг Президентлар икки томонлама учрашув ўтказдилар.
Ўзбекистон ва Сингапур ўртасидаги муносабатларни янада чуқурлаштириш истиқболлари, ижтимоий-сиёсий ҳаётни демократлаштириш борасидаги ислоҳотлар юзасидан фикр алмашилди.
Таълим соҳасида фаол ҳамкорлик қилинаётгани мамнуният билан қайд этилди. Тошкентда Сингапур менеджментни ривожлантириш институти ҳамда Сингапур технологиялар, менеджмент ва коммуникациялар академияси муваффақиятли фаолият юритмоқда.
Икки мамлакатнинг Марказий ва Жануби-Шарқий Осиёда минтақавий ҳамкорлик ва интеграцияни кенгайтириш борасидаги тажрибаси батафсил кўриб чиқилди.
Ўзбекистон ва Сингапур халқаро майдонларда минтақавий барқарорлик ва изчил тараққиёт масалаларида бир-бирини англаши ва бу борадаги ташаббусларни илгари суришда ўзаро кўмаклашаётгани қайд этилди.
Учрашув якунида ҳамкорликнинг асосий йўналишлари белгилаб олинди.
Шавкат Мирзиёв Ҳалима Яқубни ўзига қулай бўлган вақтда мамлакатимизга ташриф билан келишга таклиф этди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter