Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шавкат Мирзиёев Дмитрий Медведевни қабул қилди

Шавкат Мирзиёев Дмитрий Медведевни қабул қилди

Фото: Президент матбуот хизмати

1 ноябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ШҲТ Ҳукумат раҳбарлари кенгаши мажлисида иштирок этиш учун мамлакатимизга амалий ташриф билан келган Россия Федерацияси Ҳукумати Раиси Дмитрий Медведевни қабул қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди. 

Давлатимиз раҳбари меҳмонни самимий қутлар экан, кўп асрлик дўстлик, ўзаро ишонч, ҳурмат ва қўллаб-қувватлаш анъаналарига асосланган Ўзбекистон-Россия муносабатлари изчил ривожланиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этган.

Дмитрий Медведев самимий қабул ҳамда мамлакатларимизнинг кўп қиррали муносабатларини ҳар томонлама мустаҳкамлашга қаратаётган эътибори учун Ўзбекистон Президентига миннатдорлик билдириб, Россия Президенти Владимир Путиннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди, дейилади матбуот хизмати хабарида.

Учрашувда таъкидланганидек, аввало олий даражада йўлга қўйилган фаол муносабатлар ва конструктив мулоқот икки томонлама ҳамкорликни мисли кўрилмаган даражага кўтариш ва уни янги амалий мазмун билан бойитишга хизмат қилиб келмоқда.

Савдо-иқтисодий, инвестициявий ва кооперацион алоқалар изчил ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Нефть-газ, энергетика, транспорт, қишлоқ хўжалиги ва бошқа тармоқларда истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ҳудудлараро ва маданий-гуманитар алмашинувлар, жумладан, фан, таълим ва туризм соҳасидаги шериклик кенгаймоқда.

Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди. Томонларнинг БМТ, ШҲТ, МДҲ ва бошқа кўп томонлама тузилмалар доирасида ҳамкорликни мустаҳкамлашга интилиши таъкидлаб ўтилди.

Бўлажак олий даражадаги тадбирларга тайёргарлик кўриш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Учрашувда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада чуқурлаштириш борасидаги ўзаро интилиш қатъий экани тасдиқланди, дея хулоса қилинади хабарда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг