Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шавкат Мирзиёев: «Мана, ишнинг кўзини билса, катта даромад олиш мумкинлигига мисол»

Шавкат Мирзиёев: «Мана, ишнинг кўзини билса, катта даромад олиш мумкинлигига мисол»

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев Янгиариқ туманидаги «Global Food Impeks» масъулияти чекланган жамият томонидан ташкил этилган замонавий иссиқхонани кўздан кечирди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, «Global Food Impeks» масъулияти чекланган жамият учун ажратилган майдон 23 гектардан зиёд. Биринчи босқичда 10 гектар ерда иссиқхона қурилган. 140 киши иш билан таъминланган.

Аҳамиятлиси шундаки, илгари бу жой шўр босган, қаровсиз ер эди. Энди шу заминнинг ҳар гектаридан йилига 300-400 минг доллар миқдорида даромад олинади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Масалан, помидор ва бодринг кўчатлари шу йил январда ҳосилга кирди. Ўтган қисқа вақтда 480 минг долларлик экспорт қилинди. Йил охиригача 4-5 миллион долларлик маҳсулот сотиш мўлжалланган.

Жорий йилда 13 гектар майдонда иссиқхонанинг иккинчи босқичини амалга ошириш ҳамда август ойида ишга тушириш мўлжалланган. Корхона тўлиқ қувватда ишлаганда йилига 4 минг тонна помидор ва бодринг, шунингдек, қулупнай, гуллар ва бошқа маҳсулотлар етиштирилади, жами 280 та иш ўрни ташкил этилади. Маҳсулотларнинг 80 фоизини қўшни давлатлар, Россия ва Туркияга экспорт қилиш режалаштирилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

— Қишлоқ хўжалигида илм, янгича дунёқараш пайдо бўлди. Мана, ишнинг кўзини билса, катта даромад олиш мумкинлигига мисол. Хоразмда ер шўрланган. Шундай жойларда замонавий иссиқхоналарни кўпайтириш, 100-200 гектарга етказиш керак. Ҳам одамларга ишчи жой, ҳам экспорт бўлади, — деди давлатимиз раҳбари.

Иссиқхона деталларини маҳаллийлаштириш, бозор талабидан келиб чиқиб қайта ишлашни йўлга қўйиш бўйича топшириқлар берилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шу ерда вилоятда мева-сабзавотчилик, томорқачилик, чорвачилик, балиқчиликни ривожлантиришга оид лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг