Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шавкат Мирзиёев жамоат транспорти билан боғлиқ муаммоларни танқид қилди

Шавкат Мирзиёев жамоат транспорти билан боғлиқ муаммоларни танқид қилди

Фото: «President.uz»

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 28 август куни автомобиль транспорти соҳасида бошқарувни такомиллаштириш, халқаро хамкорликни ривожлантириш, транспорт хизматлари кўламини кенгайтириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Йиғилишда соҳадаги ислоҳотларни давом эттириш, туманлараро ва шаҳарлараро йўналишларда, туман маркази билан олис қишлоқлар ўртасида замонавий транспорт хизмати кўрсатиш бўйича вазифалар белгилаб берилди.

Хусусан, жорий йил якунигача транспорт хизмати кўрсатишда янги тизим жорий этиш бўйича топшириқ берилди. Унга кўра, туман ва йўналишлар бўйича транспорт хизмати кўрсатиш фаолияти давлат-хусусий шериклик асосида хусусий оператор-диспетчерларга берилади. Лицензияга эга ва тендер ғолиби бўлган хусусий оператор-диспетчер тегишли ҳудуд ёки йўналишда шартнома асосида барча транспорт хизмати кўрсатувчиларни бирлаштириб, улар учун ягона платформа ташкил этади. Йўловчи кам йўналишларга транспорт қўйиш давлат талаби этиб қўйилади. Хизмат кўрсатувчиларга «Ҳар бир оила – тадбиркор», «Ёшлар –келажагимиз» давлат дастурлари доирасида имтиёзли кредитлар берилади.

Ҳудудларда транспорт йўналишларининг 30 фоиздан ортиғи ишламаётгани, шу боис вилоятларда 13 та автокорхона ташкил этиб, уларга бу йил 400 та, кейинги йил охиригача 780 та «Исузу» автобуси сотиб олиш зарурлиги таъкидланди.

Йиғилишда одамларнинг ўз юк машиналаридан фойдаланиб, даромад топиши учун қулайлик яратиш зарурлиги таъкидланди. Юк ташиш тизимига хусусий секторни жалб қилиб, юк ташувчиларга лицензия ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан қисқартириш, хусусий экспедиторлик ташкилотлари фаолиятини ташкил этиш юзасидан кўрсатмалар берилди.

Транзит юк ташишда юртимиз вакиллари иштирокни кенгайтириш, магистрал йўл инфратузилмаси ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Мамлакатимиз орқали юк ташишни кўпайтириш учун хорижий давлатлар ва йирик компаниялар билан қўшимча битимлар имзолаш, Транс-Афғон, Транс-Кавказ, Транс-Хитой каби автомобиль йўлларидан фойдаланишни жадаллаштириш, юк ташувчилар билан ҳамкорликда корхоналар ташкил этиш, соҳага оид халқаро ҳужжатларга қўшилиш, тегишли қонун лойиҳаси ишлаб чиқиш вазифалари қўйилди.

Тошкентда йўналишларни бошқариш самараси пастлиги, автобуслар парки 75 фоизга эскиргани, бекатларда автобусларнинг келиб-кетиш вақтини кўрсатувчи электрон таблолар, бепул интернет, автобусларда мобиль иловалар ва видеокузатув мосламалари йўқлиги танқид қилинди. Шу боис Тошкент шаҳрида йўловчи ташиш транспорти тизимини тубдан янгилаш концепциясини ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди.

Транспорт хизмати кўрсатиш соҳасига ахборот-коммуникация технологияларини кенг татбиқ этиш, йўлкира учун электрон тўлов тизимини жорий қилиш, пойтахтимизда йўловчи ташиш тизими ва инфратузилмасини йирик мегаполислар даражасида ривожлантириш бўйича топшириқлар берилди.

Давлат раҳбарининг 2018 йил 6 мартдаги қарорига мувофиқ Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлиги қайта ташкил этилган эди. 2018-2021 йилларда автомобиль транспорти инфратузилмасини ривожлантириш дастури қабул қилинди. Дастур ижроси доирасида 57 та янги йўловчи ташиш йўналиши очилди, 9 та янги автостанция қурилди, 82 та янги автобус сотиб олинди. Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонга 5 та халқаро автобус йўналиши очилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг