Шавкат Мирзиёев: ИҲТга аъзо мамлакатларнинг мавжуд салоҳияти ва кенг имкониятларидан тўлиқ фойдаланилмаяпти
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 4 март куни Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг (ИҲТ) видеоанжуман шаклида ўтган 14-саммити ишида иштирок этди. Бу ҳақда давлатимиз раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған раислигида ўтган тадбирда Афғонистон Президенти Ашраф Ғани, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон, Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов, Эрон Президенти Ҳасан Руҳоний, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Покистон Бош вазири Имрон Хон, шунингдек, ИҲТ бош котиби Ҳади Сулаймонпур, минтақавий тузилмалар раҳбарлари ҳам иштирок этди.
Саммит кун тартибига мувофиқ COVID-19 пандемиясидан кейинги даврда ушбу нуфузли ташкилотга аъзо давлатлар ўртасидаги амалий ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти ҳудуди – бу тарихи, дини, маданияти ва қадриятлари муштарак, улкан салоҳиятга эга бўлган минтақа эканини алоҳида таъкидлади.
Пандемия шароитларида мамлакатларимиз иқтисодиётларининг кучли ва заиф томонлари яққол кўрингани қайд этилди. Ушбу хатар минтақа мамлакатлари бир-бирига ўзаро боғлиқ экани, савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантириш зарурлигини очиқ-ойдин намоён этди.
Шу билан бирга, ИҲТга аъзо мамлакатларнинг мавжуд салоҳияти ва кенг имкониятларидан тўлиқ фойдаланилмаяпти, деб таъкидлади Ўзбекистон Президенти.
2025 йилга қадар даврга мўлжаллаб қабул қилинган ҳаракатлар дастури доирасида кўп томонлама шерикликни ривожлантириш мақсадида давлатимиз раҳбари томонидан қатор муҳим ташаббуслар илгари сурилди.
Ўзаро савдо ва инвестицияларни кўпайтириш мақсадида карантин чора-тадбирлари доирасида ўрнатилган савдо, транспортга доир чеклов ва тўсиқларни бекор қилиш мақсадга мувофиқ экани қайд этилди. Бундан ташқари, савдони рақамлаштириш ва электрон тижоратни ривожлантириш борасидаги ечимларни кенг жорий этиш ҳамда савдо бўйича минтақавий битимни тез фурсатда қабул қилиш таклиф этилди.
Ўзаро келишилган «йўл харитаси» асосида мамлакатларимизнинг етакчи корхоналари ўртасида саноат кооперациясини мустаҳкамлаш ҳам муҳим йўналишлардан бири сифатида қайд этилди. Бу борадаги лойиҳаларни илгари суриш учун молиявий ҳамкорлик механизмларини кенгайтириш ҳамда мамлакатларимизнинг етакчи банк институтлари иштирокида минтақавий форум ўтказиш таклиф этилди.
Транспорт-коммуникация соҳасидаги ҳамкорлик стратегик муҳим устувор йўналиш этиб белгиланди. Мамлакатимиз Ўзбекистон-Туркманистон-Эрон-Ўмон ва Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой транспорт йўлакларини, Туркия ва Европа мамлакатларига элтувчи маршрутларни ривожлантиришдан манфаатдор.
Афғонистоннинг барқарор тараққиётини таъминлаш ва минтақавий иқтисодий жараёнларга интеграция қилиш мақсадида янги «Мозори-Шариф – Қобул – Пешавор» темир йўлини қуриш муҳим экани таъкидланди.
Давлатимиз раҳбари қайд этган яна бир муҳим йўналиш – озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш.
Шу муносабат билан БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти билан биргаликда тегишли дастурни ишлаб чиқиш ҳамда уни жорий йил мамлакатимизда ўтказилиши режалаштирилган ИҲТ давлатлари қишлоқ хўжалиги вазирларининг навбатдаги учрашувида тақдим этиш таклиф қилинди.
Энергетика ҳақида сўз юритар экан, Ўзбекистон Президенти соҳага, биринчи навбатда, қайта тикланувчи энергетикага илғор технологик ечимлар ва инвестицияларни жалб қилиш мақсадида ўрта муддатли стратегияни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш ташаббусини илгари сурди.
Иқлим ўзгаришининг глобал оқибатларига қарши курашишда саъй-ҳаракатларни бирлаштириш муҳимлиги, соғлиқни сақлаш соҳасида, шу жумладан, замонавий таҳдид ва хатарларни мониторинг қилиш ва уларга қарши тезкор чора кўриш бўйича ҳамкорликни кучайтириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Президент Шавкат Мирзиёев Туркия ташкилотга самарали раислик қилгани учун Президент Режеп Таййип Эрдоғанга миннатдорлик билдириб, раислик Туркманистонга ўтгани муносабати билан Президент Гурбангули Бердимуҳамедовни табриклади ва унга муваффақиятлар тилади.
Таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган, айниқса, Евроосиё маконидаги минтақаларнинг иқтисодий ўзаро боғлиқлигини кучайтириш борасидаги муҳим ташаббуслари ва аниқ таклифлари бирлашмага аъзо мамлакатлар етакчилари томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланди.
ИҲТга аъзо мамлакатлар етакчилари ўз нутқларида минтақада ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларига, савдо, инвестициялар, инновациялар, транспорт ва коммуникациялар, энергетика, қишлоқ хўжалиги, саноат, соғлиқни сақлаш, туризм ва бошқа устувор йўналишларда қўшма лойиҳаларни илгари суришнинг истиқболларига тўхталдилар. Ташкилотнинг навбатдаги, 15-саммитини Туркманистонда ўтказиш юзасидан келишувга эришилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter