Шавкат Мирзиёев БАА Бош вазири, Дубай амири билан учрашди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Араб Амирликларига расмий ташрифи доирасида 26 март куни Дубай шаҳрида БАА Вице-президенти, Бош вазири, Дубай амири Шайх Муҳаммад бин Рошид Ол Мактум билан музокара ўтказди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
Амирликларнинг энг йирик шаҳри Дубай инсоният илмий-техник тараққиётининг энг илғор ютуқларини ўзида мужассам этган. Масалан, дунёнинг саккизинчи мўъжизаси, деб эътироф этилаётган «Palm Islands» сунъий ороллари инсон қўли билан яратилган энг йирик архипелаг бўлиб, ўзининг миқёси ва кўркамлиги билан ҳайратга солади. Бу ерда муҳташам меҳмонхоналар жойлашган. Сайёрамиздаги энг баланд осмонўпар бино — «Burj Khalifa» эса 11 кўрсаткич бўйича Гиннес рекордлар китобига кирган.
Дубайда дунёдаги энг узун автоматлаштирилган метро тизими ва усти ёпиқ пиёдалар ўтиш йўлаги мавжуд. Саҳрода жойлашганига қарамай, шаҳарда жаҳоннинг энг йирик гуллар боғи барпо этилган. Бу ердаги пляжлар энг тоза деб тан олинган. Шаҳарга бил йилда ўртача салкам 16 миллион киши ташриф буюриши бежиз эмас. Дубай бошқа соҳа ва йўналишларда ҳам кўплаб рекордларни забт этган.
Буларнинг барчаси очиқлик ва табиий бойликлардан оқилона фойдаланиш сиёсати туфайлидир. Дубайнинг жадал ижтимоий-иқтисодий тараққиётига кўп жиҳатдан шаҳар ва амирлик ҳокими Шайх Муҳаммад бин Рошид Ол Мактумнинг ғоялари кучли туртки бўлди.
Ўзбекистон ҳам дунёга очилмоқда. Мамлакатимиз жадал ва изчил ривожланиш йўлидан бормоқда, бу жараёнда жаҳон тажрибасини ўрганиш, шунингдек, хорижий ҳамкорлар билан инновацион, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва бошқа соҳаларда фаол ҳамкорлик қилиш муҳим ўрин тутади.
Кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Шайх Муҳаммад бин Рошид Ол Мактум билан «Заабил» саройида бўлиб ўтган учрашувининг асосий мавзуси бўлди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter