Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шавкат Мирзиёев 5 та лойиҳа билан танишди

Шавкат Мирзиёев 5 та лойиҳа билан танишди

Президент Шавкат Мирзиёев 18 апрель куни қурилиш лойиҳаларига оид 5 та тақдимот билан танишган. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Дастлаб «Янги Ўзбекистон» университети лойиҳаси кўриб чиқилган. Университет учун Мирзо Улуғбек тумани Дўрмон йўли кўчаси бўйида 30 гектар ер ажратилган. Мажмуа лойиҳаси Туркиянинг Outdoor Factory компанияси билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган. Унга кўра, бу ерда 5 та факультет учун ўқув бинолари, маъмурият, ўқитувчилар ва талабалар учун ётоқхоналар, ошхона, кутубхона, лаборатория, спорт саройи ва стадион барпо этилади.

Ҳозир бу ҳудудда Президент мактаби бор. Келгусида Президент таълим муассасалари агентлиги ҳам шу ерда жойлашади. Шу тариқа, ҳудуд таълимга ихтисослашган яхлит мажмуа бўлади.

Яна бир лойиҳа келгусида давлат музейларини реконструкция қилишга қаратилган. Унга кўра, биноларнинг архитектураси ва тарихий қийматини сақлаб қолган ҳолда ички шароитларини яхшилаш, замонавий техникалар билан жиҳозлаш режалаштирилган. Жаҳондаги машҳур музейлар тажрибаси асосида экспонатларнинг кўримлилигини ошириш, тарихий ашёларни безарар сақлаш, келувчиларга қулайликлар яратиш бўйича ҳамма жиҳатлар инобатга олинган. Бу ишлар натижасида музейларнинг кўргазма майдони кенгайиб, аҳоли ва сайёҳлар учун жозибадорлиги ошади.

Яшнобод туманидаги «Технопарк» ҳудудида аквапарк барпо этиш лойиҳаси ҳам истиқболли. Бунинг учун ҳозирда фойдаланилмай турган бино билан бирга 4,5 гектар ер мўлжалланган. Мажмуа тўғридан-тўғри чет эл инвестицияси эвазига барпо этилади. Бу ерда очиқ ва ёпиқ сув ҳавзалари, аттракционлар, тамаддихона, ўйин майдончалари бўлади.

Шунингдек, Юнусобод туманидаги Астрономия хиёбони ҳудудида гуллар боғи барпо этиш режалаштирилган. Бу жой аҳолининг маданий дам олиши, пойтахт экологияси яхшиланиши учун яна бир омил бўлиши айтилган.

Бундан ташқари, тақдимотда шаҳарлараро йўл инфратузилмасини яхшилаш чора-тадбирлари ҳам муҳокама қилинган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг