Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шакар ўзи қандай ишлаб чиқарилади? (фото)

Шакар ўзи қандай ишлаб чиқарилади? (фото)

Бугун, 16 июнь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ташаббуси билан журналистлар учун «Ангрен шакар» МЧЖга пресс-тур ташкил этилди. Пресс-турда завод вакиллари, бир қатор вазирлик ва идоралар раҳбарияти ва ОАВ ходимлари қатнашди.

Пресс-тур давомида шакар заводи бош директори Рустам Акбархўжаев шакар хомашёсини олиб келиш, ишлаб чиқариш ва бошқа машаққатлар ҳақида батафсил маълумот берди.

Айтилишича, шакар ишлаб чиқариш ҳажми дастлабки 5 ойда ўтган йилга қараганда 21 фоизга ошган. 2021 йил январ-майда 129 минг тонна ишлаб чиқарилган бўлса, бу йил шу вақтда бу кўрсаткич 157 минг тоннага етган. Биржа орқали сотилган шакар ҳажми эса 75 минг тоннадан 91 минг тоннага борган.

Айни пайтда шакарга бўлган талабни қодириш мақсадида «Ангрен шакар» бир суткада 1100 тонна шакар ишлаб чиқаряпти. Аслида корхона йилига 300 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга.

Мазкур заводда шакар ишлаб чиқаришда сахарозанинг софлигига катта эътибор берилади. Давлат стандарти бўйича сахароза миқдори 99,7 фоиздан кам бўлмаслиги керак. Заводдаги бу миқдор айни пайтда 99,8 фоиздан ортиқни ташкил қилади.

Заводдаги техника воситалари Германия, Белгия, Австрия ва Финландиядан келтирилган бўлиб, жаҳон стандартларига тўла мос келади. Қолаверса, барча жараёнлар автоматлаштирилган. Заводда 4 сменада иш олиб борилади, яъни кечаю кундуз тўхтамайди.

Шакар хомашёси асосан Бразилиядан олиб келинади, вазиятга қараб Аргентина ва Мексикадан ҳам келтирилади. Денгиз орқали келадиган юклар денгиз портлари билан Ўзбекистонга киради. Бунинг учун бир қатор давлатлар билан келишувлар бор, яна янги музокаралар давом этмоқда.

Аввалроқ завод раҳбарияти шакар «ажиотажи» билан боғлиқ гап-сўзларга ойдинлик киритиб, бунинг сабабларини келтирганди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг