Шаҳрам Ғиёсовнинг айиқ билан машғулот ўтказганлиги ҳолати ўрганилади – Экология вазирлиги
Ижтимоий тармоқларда боксчи Шаҳрам Ғиёсов айиқ билан машғулот ўтказгани акс этган видео тарқалди.
Экология вазирлиги бу ҳолат ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг эътирозларига сабаб бўлгани ва айни пайтда ўрганиш олиб борилаётганини маълум қилди.
«Ўрганиш натижаларига кўра батафсил маълумот берилади ва ҳуқуқбузарларга нисбатан қонуний тартибда чора кўрилади», – дейилади вазирлик муносабатида.
Маълумот учун, Ҳукуматнинг «Ёввойи ҳайвонларни сақлаш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига кўра, 2025 йил 1 январдан жисмоний шахслар томонидан ярим эркин шароитларда, сунъий яратилган яшаш муҳитида ёки тутқунликда сақланиши тақиқланган ёввойи ҳайвонлар рўйхати тасдиқланган. Ушбу рўйхатга айиқларнинг барча тури киритилган. Яъни бошқа ҳайвонлар қатори айиқларни ҳам давлат ва мобил циркларида (шапитолар) сақлаш ҳамда улардан цирк томошаларини ўтказиш мақсадларида фойдаланиш тақиқланади.
Экология вазирлиги, шунингдек, ҳайвонларга нисбатан ҳар қандай шафқатсиз муносабат қораланишини ва бу каби ҳолатлар қонунга кўра жавобгарликка сабаб бўлишини эслатмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter