Сергелидаги «Ўзгариш» маҳалласида узлуксиз бадбўй ҳид тарқалмоқда (видео)
Тошкент шаҳар ҳокимлиги пойтахтнинг Сергели тумани «Ўзгариш» маҳалласида истиқомат қилувчи аҳоли узлуксиз, ёқимсиз ҳид келаётганидан шикоят қилаётгани ҳақида видеолавҳа тайёрлаган.
Маълум қилинишича, маҳаллада мунтазам ёқимсиз, бадбўй ҳид тарқалади, кечалари эса у янада кучаяди. Аҳолининг аксарият қисми буни шу ҳудудда жойлашган «Салар» тўйинтириш иншооти фаолияти билан боғламоқда.
«Шунақа сасийдики, бунга чидаб бўлмайди. Бу соат олтигача давом этади. Ушбу ҳид пардаларимизга ҳам ўтириб қолган, уйни ичида ниқобда ўтираман. Атир ва бошқа нарсаларни сепаман — фойдаси йўқ. Ёз яқинлашяпти дераза-эшикларни ёпа олмасак… Бадбўй ҳид қаердан келаётганини била олмаяпмиз. «Водоканал»ми ёки Терини қайта ишлаш цехи. Цехнинг ёнидан ўтсангиз, у ерда ҳам чидаб бўлмас ҳид», — дейди маҳалла фуқароларидан бири.
Маҳалла фуқароларидан яна бири 26 йилдан буён шу ҳудудда яшаши, аммо бу йилгидек ҳали ҳеч бадбўй ҳид чиқмаганини таъкидлаган. «Бадбўй ҳид уйга кириб қолгач, уни ҳеч нарса билан йўқотиб бўлмайди. Ҳатто «освeжитель»лар аллергия берворди», — дея қайд этади аёл.
Мутахассисларнинг изоҳига кўра, ёқимсиз ҳид таралишининг асосий сабаби «Салар» тўйинтириш иншооти ҳамда Бўзсув каналига турли корхона ва ташкилотлар томонидан оқава сувлар ва чиқиндилар оқизилишидир.
Таъкидланишича, «Бектемир» ва «Салар» оқава сув тозалаш иншоотидаги корхоналарга юзлаб огоҳлантириш берилган. Лаборатория таҳлиллари мунтазам олиб борилиб, компенсациялар ундириб келинади.
«Тадбиркорга қўлланилаётган чоралари ҳали ўзининг амалий натижаларини бермаяпти. СЕС билан қилинган мурожаатга асосан арзимаган жаримасини тўлаб, ишлашни давом эттиряпти. Мисол учун, текстиль корхонаси ёки Терини қайта ишлаш цехини оладиган бўлсак, уларнинг локал иншоотини қуриш бир неча минг доллар туради, ҳар ой ишлатишга катта маблағ талаб этилади. Харажатдан қочган тадбиркорларнинг мақсади — кечқурун ҳеч ким билмаганда оқизиб юбориш», — дейди «Тошкент шаҳар сув таъминоти» бош муҳандиси Абдуқодир Алимов
Аҳолининг сўзларига кўра, Терини қайта ишлаш заводи ичида темир цехи очилган бўлиб, уларнинг ҳожатхонаси тўғридан-тўғри каналга тушади. Сув пасайганда уларнинг трубалари кўринади.
Ўзбекистон Экологик партияси мазкур ҳолатга муносабат билдириб, сув тозалаш иншооти ва унинг атрофидаги корхоналар томонидан атроф табиий муҳитга етказилаётган зарар атрофлича ўрганиб чиқилиши ҳамда бундай салбий ҳолатларни бартараф этиш бўйича тегишли чоралар кўрилиши лозимлигини таъкидлади.
Таъкидланишича, бу борада «Ўзсувтаъминот» АЖ, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш Давлат қўмитаси, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ҳамда бошқа алоқадор ташкилотлар томонидан ишчи гуруҳи тузилиб, ўрганишлар ташкил этилиши мақсадга мувофиқ.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter