Сенат Тошкентдаги ерусти «пешеход»ларига ўрнатилган лифтлар билан боғлиқ муаммога тўхталди
Бугун, 20 декабрь куни, Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қирқ саккизинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади.
Сенаторлар аҳолини қийнаётган муаммоларни муҳокама қилиб, жумладан, мажлисда Тошкент шаҳри йўлларидаги ерусти пиёдалар ўтиш жойларидан (кўприклар)да лифт ва эскалаторлар ишламаслиги туфайли пиёдалар, айниқса кексалар, ҳомиладорлар, ёш болалилар ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар турли қийинчиликларга дуч келаётганига тўхталди.
Хусусан, Муқимий («Новза» метро бекати), Абдулла Қодирий кўчаларидаги кўприкларда лифт ва эскалаторлар ишламаслиги, Муқимий ва Лутфий кўчалари кесишмасидаги 2 та кўприк ва Шота Руставели кўчасидаги кўприкда лифт ёки эскалаторнинг ўзи йўқлиги айтиб ўтилди.
Мазкур масала юзасидан Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамда Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги вакилларининг изоҳлари эшитилди.
Кўприклар аҳолига қулайлик яратиш учун қурилганлиги инобатга олиниб, ушбу муаммоларни ҳал этиш юзасидан Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва бошқа тегишли ташкилотларга вазифалар юкланди.
Муҳокамалар давомида ушбу масала Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси назорати остида бўлиши алоҳида таъкидланди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter