Сенат Ўзбекистоннинг 2023 йил учун Давлат бюджетига оид қонунини маъқуллади
Сенатнинг 36-ялпи мажлисида «2023 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонун кўриб чиқилди.
Мазкур Қонун билан 2023 йил учун Ўзбекистон Республикаси Консолидациялашган бюджетининг жамланма параметрлари ҳамда 2024–2025 йиллар учун бюджет мўлжаллари белгиланган.
Таъкидланганидек, Қонунга кўра, 2023 йилда мамлакат иқтисодиётида ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръатлари 5,3 фоизни ва истеъмол нархлари индекси 2022 йилнинг декабрь ойига нисбатан 9,5 фоиз миқдорида бўлишидан келиб чиқиб, Давлат бюджети параметрлари ҳисоб-китоб қилинган.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Консолидациялашган бюджетининг даромадлари 2023 йилда 310,7 трлн сўмни ҳамда харажатлар 343,2 трлн сўмни ташкил этиши кутилмоқда.
Қонун билан 2023 йил учун Ўзбекистон Республикаси (Ўзбекистон Республикаси ҳукумати) номидан ва Ўзбекистон Республикасининг кафолати остида ташқи қарзларни жалб қилиш бўйича йиллик имзоланадиган янги битимларнинг чекланган ҳажми 4,5 млрд АҚШ доллари миқдорида этиб белгиланмоқда.
2023 йилги Давлат бюджети харажатлари (давлат мақсадли жамғармаларига ажратиладиган трансфертлар билан бирга) 257,7 трлн сўмни, ялпи ички маҳсулотга нисбатан 24,1 фоизни ташкил қилмоқда.
Сенаторлар Давлат бюджетининг ижтимоий соҳага йўналтирилаётган маблағлар миқдорига жиддий эътибор қаратдилар. Қайд этилганидек, таълим соҳаси харажатлари 58,4 трлн сўм, соғлиқни сақлаш соҳасига 28,4 трлн сўм, маданият соҳасига 2,5 трлн сўм, спорт соҳасига 2,3 трлн сўм ва фанни янада ривожлантириш тадбирлари учун 2023 йилда 1,8 трлн сўм йўналтириш белгиланган.
2023 йил учун Давлат бюджетида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишнинг устувор йўналишларини молиялаштириш учун 18,1 трлн сўм ажратилади.
Шу билан бирга келгуси йилда жами 52 мингдан ортиқ даромади юқори бўлмаган ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож фуқароларга ипотека кредити бўйича дастлабки бадал ва фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 1,1 трлн сўм субсидиялар тўлаб берилиши кўзда тутилган.
Иқтисодиётга ажратилиши режалаштирилаётган харажатлар 36,7 трлн сўмни, ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3,4 фоизни, жами харажатларнинг 14 фоизини ташкил этиб, бу маблағлар асосан томчилатиб суғориш, геологик қидирув ишларини ва аҳоли пунктларини ободонлаштириш ишларини амалга ошириш ҳамда уй-жой коммунал хизматлари билан боғлиқ харажатларни молиялаштиришга йўналтирилиши режалаштирилган.
Мазкур Қонун Сенат аъзолари томонидан маъқулланди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter