Сўнгги вақтларда турли ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда бўлиб ўтаётган сайловолди жараёнларни театрлашган саҳнага қиёслаш, бундай тадбирларда қатнашиш учун аҳоли мажбурланаётганлиги, айниқса, ЎзЛиДеПдан бошқа партияларнинг сайловолди учрашувларига аҳолининг қизиқмаётганлиги ва мутассаддилар томонидан уларни қатнашиш учун мажбурий чоралар кўрилаётганлиги ҳақида турли миш-мишлар, баъзи нохолис ва асосланмаган хабарлар тарқалаётганлиги ҳақида хабарлар учрай бошлади. Энди ушбу хабарларни бирма-бир таҳлил қилсак.
Ўзбекистон сайлов қонунчилигида номзодлар ва уларнинг ишончли вакиллларининг сайловчилар билан учрашувлари борасидаги ҳуқуқий меъёрлар қатъий белгилаб қўйилган. Айниқса, шу кунларда бўлажак сайловларга жамоатчиликнинг қизиқиши ҳам ўзининг авж палласига бўй чўзмоқда. Кўча-куйда, маҳаллаларда, тўю-томошалар деймизми, чойхоналарда одамларнинг сайлов масалаларини муҳокама қилаётганликларига кўп бора дуч келяпмиз ва бу ҳолат аслида табиий жараён сифатида қаралмоғи керак. Чунки, жамиятнинг сиёсий маданияти ва онги юксалиб бораётган бундай шароитда, одамлар сайловолди жараёнларни англаши, қарор қабул қилишлари учун керакли маълумотларни, ахборотларни биз юқорида санаб ўтганимиз, турли анъанавий каналлар орқали олиши ҳам давом этмоқда. Турли ОАВлар билан бир қаторда, пайдо бўлганлигига унчалик кўп бўлмаган ахборот тармоқлари, аниқроғи, ижтимоий тармоқларнинг ҳам бу жараёнларидаги роли алоҳида бўлаётганлигини эътироф этиш жоиз.
Маълумки, сайловолди жараёнлар бу сафар жуда қизғин ва турли сиёсий жараёнларга бойлиги билан ўтган галги барча сайловлардан алоҳида ажралиб турибди. Бешта партиянинг ҳар бири ўз номзодини илгари сурганлиги, уларнинг эса ҳар бири давлат ва жамият бошқарувида, илм-фан ва сиёсат соҳасида таниқли, ўз ўрнига эга, ижтимоий-сиёсий фаол етакчилар эканлигини ҳам эътироф этиш керак. Уларнинг ҳар бири республикамизнинг турли ҳудудларига бориб, сайловчилар билан учрашаётганликлари, шунингдек, уларнинг ишончли вакиллари томонидан ҳам тарғибот-ташвиқот ишлари самарали олиб борилаётганлигига гувоҳ бўляпмиз. Энг қизиғи, бундай тадбирларда қатнашиш учун жамоатчиликнинг оқиб келаётганлигидир.
Одамлар ҳар бир номзоднинг ўзини тутиши, гап-сўзларининг салмоғи, бераётган ваъдаларининг ҳаётийлигини ўзларидан эшитиб таҳлил қилаётганликларини, номзодларни бир-бирлари билан солиштира олиш имкониятига эга бўлганликлари ҳам бу йилги сайлов жараёнларининг асосий устун томонларидан бири десак, муболаға бўлмайди. Номзодлар билан учрашувларнинг ташкил қилиниши, улар билан савол-жавоблар, уларнинг дастурларини тинглаш, учрашувларнинг формати, аҳоли ўзини қизиқтирган муаммолар, масалалар юзасидан номзод билан суҳбатлашиши ва хоказолар сайлов жараёнларига алоҳида мазмун бағишламоқда.
Номзодларнинг сайловолди учрашувларида илгари сураётган ғоялари, мақсадлари ҳам турли муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Жамоатчилик гоҳида уларнинг нутқларида шунчаки популизм борлигини англаб етаётган бўлса, гоҳида уларнинг ваъдаларига ишонаётганликларини ва уларни турли ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилаётганликларини кўриб турибмиз.
Мисол учун, Миллий тикланиш Демократик партияси етакчиси Алишер Қодиров сайловолди тарғибот ишларида ўзининг асосий рақобатчиси сифатида Шавкат Мирзиёевни кўраётганлиги жамоатчилик томонидан истеҳзо билан кутиб олинган ва кўплаб мутойибаларга сабаб бўлган бўлса, Халқ демократик партияси номзоди Мақсуда Ворисованинг давлат томонидан нарх-наво устидан қатъий назорат ўрнатилиши борасидаги ташаббуслари ҳам турли қатламлар томонидан турлича муҳокамаларга сабаб бўлди.
Адолатчи Баҳром Абдуҳалимовнинг Ситилардан тортиб, монополияларни тугатишгача бўлган ташаббускор чиқишлари жамоатчилик томонидан ишонқирамаган ҳолатда кутиб олинди ва номзодга «илму-фан соҳасининг одами», шунинг учун давлат ва жамият бошқарувидан «йироқроқ» етакчи сифатида ёндашилди. Мамлакатнинг бутун ҳаётини Экология билан боғлайдиган, атроф-муҳит ва табиатни асрашга қатъий бел боғлаган етакчи, Экологик партия номзоди Нарзулла Обломуротовга одамларнинг қизиқиши бир мунча ортди. Лекин унинг «Яшил иқтисодиёт» борасидаги қарашлари жамоатчиликнинг эътиборини тўлиқ ўзига торта олмади ва «баҳсли масалалар» қаторидан ўрин олмоқда.
ЎзЛиДеП номзоди Шавкат Мирзиёевнинг сайловчилар билан учрашувлари эса энг қизғини бўлаётганлигини, бунинг асосий сабаби сифатида миллий менталитет, иккинчидан, мамлакатнинг раҳбари билан учрашувга омманинг ўта қизиқиши, омманинг бундай тадбирларга оқиб келиши фонида рўй бермоқда ва бу ҳам табиий.
Аммо, бошқа тўрт номзоднинг чиқишлари, халқ билан учрашувлари борасида тарқалаётган турли нохолис ахборотлар эса ижтимоий тармоқларнинг баъзи фойдаланувчилари томонидан «шов-шув» тарзида кўтарилмоқда. Гоҳида номзодларнинг сайловчилар билан учрашувлари учун одамлар мажбуран жалб қилинаётганлиги, уларнинг ҳаммаси олдиндан режалаштирилган, саҳналар махсус тайёрланганлиги ҳақида, одамларнинг энсасини қотирадиган кулгили хабарларга ҳам дуч келяпмиз ва буни ҳам ҳар қандай сайлов жараёнида рўй берадиган табиий жараён сифатида қараймиз.
Демак, юқоридаги воқеликлардан шундай хулосага келиш мумкинки, сиёсий партиялар томонидан ўтказилаётган сайловолди тадбирларга аҳолининг мажбуран жалб қилинаётганлиги, уларнинг театрлашган саҳналардагидек томоша уюштирилаётганлиги ҳақидаги ахборотларнинг барчаси нохолис ва асосланмаган. Бундай хабарлар мақсадга йўналтирилганлиги, Ўзбекистонда сайловолди жараёнларини обрўсизлантиришга қаратилганлиги, мамлакат сайлов қонунчилиги ва сиёсий партиялар етакчилари ва номзодларининг шаънига халд қилишни мақсад қилганлигини англаб етмоғимиз лозим!
Бектош Бердиев,
Ўзбекистон Халқаро Ислом академияси катта ўқитувчиси.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter