Сайлов очиқ ва шаффоф ўтади. АКТ вазири бунга қандай ҳозирлик кўрилганини маълум қилди
Шу йилнинг 22 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва халқ депутатлари Кенгашларига сайловлар бўлиб ўтади. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов «Xabar.uz»га ушбу муҳим сиёсий жараённи ташкиллаштириш ва ўтказишни соддалаштириш, сайловнинг очиқ ва шаффоф ўтишини таъминлашда ахборот технологияларидан кенг фойдаланилаётгани ҳақида маълумот берди:
— «Янги Ўзбекистон – янги сайловлар» шиори остида ўтаётган бу кампания мамлакатимиз сиёсий ҳаётидаги ғоят муҳим воқеадир.
Сайлов жараёнларининг муҳим эканлигини Президентимиз Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали маросимда, «Ҳар бир юртдошимиз ўзининг конституциявий ва фуқаролик бурчини, Ватанимиз тақдири ва келажаги олдидаги масъулиятини англаб, юртимиз равнақи, халқимиз тинчлиги ва фаровон ҳаёти учун, фарзандларимизнинг бахти ва камоли учун овоз беради», деб таъкидлаган эди.
Бугунги кунда ахборот технологияларини давлат бошқарувининг ҳар бир поғонасида қўлланиши, унинг ўрни ошиши давлатнинг ижтимоий ва сиёсий ривожланишига олиб келмоқда. Айниқса, кейинги йилларда дунёнинг ривожланган давлатларининг сайлов жараёнларида интернет ва замонавий ахборот технологиялари имкониятларидан самарали фойдаланилмоқда.
Ахборот ва интернет технологияларини ривожланиши сайлов жараёнини ташкиллаштириш ва ўтказишни соддалаштиришга, унинг инфратузилмасини режалаштиришда янада кўпроқ имкониятлар яратишга хизмат қилмоқда. Хусусан, ахборот технологияларини сайлов жараёнларида қўлланиши сайловнинг очиқлиги ва шаффоф ўтишини таъминламоқда.
Ўз навбатида, мамлакатмизда илғор давлатлар тажрибасидан келиб чиққан ҳолда сайлов жараёнларини такомиллаштиришга қаратилган ислоҳотлар олиб борилмоқда. Бу борада, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 октябрдаги «Сайлов жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинган.
Мазкур қарор билан Ўзбекистон сайлов жараёнини замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этган ҳолда ислоҳ қилиш назарда тутилган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига бир қатор вазифалар юклатилган. Булардан бири бу Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимини яратиш ва Ўзбекистон сайловчиларининг ягона электрон рўйхатини шакллантириш вазифасидир.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, жорий йилда Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексининг янги таҳрири қабул қилинди ва мазкур таҳрир билан сайлов кодексига бир қатор янгиликлар киритилди. Бундай янгиликларидан бири сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатидир.
Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатининг асосий вазифаларидан бири бу «бир сайловчи – бир овоз» тамойилини тўлиқ ва бехато амалга оширишдир.
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан бугунги кунда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда, жаҳон тажрибасини ўрганган ҳолда Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими ишлаб чиқилди ва жорий йилнинг 22 декабрь кунида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, шунингдек, маҳаллий кенгашлар депутатлари сайловлари жараёнида қўллаш учун жорий этилди.
Ҳозирда ушбу ахборот тизимда жами 6 720 та Олий Мажлис, вилоят ва туман (шаҳар) сайлов округлари, 10 253 та сайлов участкалари ҳамда 170 313 та участка сайлов комиссияларининг аъзолари тўғрисидаги тўлиқ маълумотлар жамланган.
Республика бўйича жами 35 мингдан ортиқ округ ва участка сайлов комиссиялари аъзолари, операторлари ҳамда сиёсий партиялар аъзоларининг Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимидан фойдаланиш бўйича кўникмалари оширилди.
Операторлар томонидан ахборот тизимида ишлаш жараёнида юзага келадиган муаммоларга тезкорлик билан ёрдам бериш мақсадида узлуксиз (24 соат) ишлайдиган фойдаланувчиларни қўллаб-қувватлаш (Call-center) маркази ташкил этилди.
Шу билан бирга Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимини тўлақонли ишлашини таъминлайдиган яна бир омилларидан бири сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати шакллантирилди. Мазкур рўйхатга Ўзбекистон Республикаси сайлов ёшидаги 20,5 млн. дан ортиқ фуқаролар киритилган.
Бугунги кунда Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими билан тўлиқ интеграция қилинган. Шунингдек, Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими сайлов олди, сайлов даври ва сайлов якунларида тезкор ҳамда аниқ маълумотларни шакллантиришга хизмат қилади.
Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимининг кибер-таҳдидлардан ҳимоя қилишга ҳамда унинг узлуксиз ишлашини таъминлашга қаратилган чоралар кўрилди. Мазкур ахборот тизимининг узлуксиз ва сифатли ишлашини таъминлаш учун 16 мингдан ортиқ сайлов округлари ва участкалари юқори тезликдаги ва узлуксиз интернет тармоғига уланган. Ўз навбатида мазкур округ ва сайлов участкаларини телефонлаштириш бўйича ишлар якунланди ҳамда улар замонавий компьютер ва офис техникалари билан таъминланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори доирасида жорий йилнинг 22 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, шунингдек, маҳаллий кенгашлар депутатлари сайловларида синов тариқасида фуқаролар биометрик паспорти маълумотларини идентификация қилиш қурилмалари қўлланилади. Ҳозирда мазкур мақсадда республика ҳудудларидаги 20 та сайлов участкалари танлаб олинди ва уларда фуқаролар биометрик паспорти маълумотларини идентификация қилиш қурилмалари ўрнатилди. Ушбу қурилмалар Сайлов жараёни билан интеграция қилинган бўлиб, сайловлар кунида танлаб олинган участкаларида сайловчиларга қулайлик яратиш, яъни сайловчини рўйхатга олиш даврини қисқартиришга, ортиқча қоғозбозликни йўқотишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Шунингдек, синов тариқасида сайлов жараёнларини очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш учун ҳудудлардаги 60 та сайлов участкалари танлаб олиниб, уларга 120 та видеокузатув камералари ўрнатилди. Мазкур видеокамералар сайлов участкаларидаги сайловлар жараёнини тўғридан-тўғри интернет жаҳон тармоғига узататади.
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайти ҳам жаҳон стандартларига мувофиқ такомиллаштириш ишлари олиб борилди. Мазкур веб-сайт орқали «Сайлов участкангизни аниқланг» электрон интерактив хизмати йўлга қўйилди.
Бугунги кунда сайлов Ўзбекистон сайлов жараёнига ахборот-технологияларини жорий этиш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар келгусида республикада мукаммал сайлов тизимини шакллантиришга қўйилган биринчи қадамдир», деди АКТ вазири.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter