Саводсизликка ундаётган луғат-маълумотнома (фото)
Қизим олти ёшда. Инглиз тилини ўрганишга қизиқади. Шу боис ҳар доим инглиз тилидан ўрганган сўзлари хотирасида муҳрланиб қолиши учун расмли карточкаларни сотиб оламиз. Турмуш ўртоғим билан канцелярия дўконидан «Meriuys» нашриёти томонидан чоп этилган «Alphabet» суратли луғат-карточкаларни сотиб олдик. Унинг қулайлиги олд тарафида сурат, ҳарф ва инглизча сўз ёзилган. Орқа томонида эса сўзнинг инглизча талаффузи, русча ва ўзбекча таржимаси бор экан. Қизиқдим. Биратўла қизим ҳам рус тилида, ҳам инглиз тилида сўзларни ўрганиб боради. Карточкаларнинг бир-иккитасини қўлимга олиб кўрдим. Ҳали қизим ўрганмаган сўзлар экан. Хурсанд бўлдим.
Карточка олсанг олибсан, шуни ҳам ёзасанми деяпсизми? Шошилманг. Мақолани охиригача ўқисангиз, пушаймон бўлмайсиз. Қизимга «Antilope» — антилопа, «Bear» — айиқ, «Cock» — хўроз, «Tortoise» — тошбақа, «Kangaroo» — кенгуру, «Owl» — бойўғли, «Wolf» — бўри эканлигини ёдлатдим, навбат «Mouse»га келди. Карточкада таржимаси «сичкон» деб ёзилган экан. Ие, буни русийзабон мутахассислар тайёрлаган экан, шекилли, сичқон деб талаффуз қиласан десам, қизим:
— Ойижон, китоблар алдамайди, ахир ўзингиз айтгансиз-ку. Нега ёзилганидек ўргатмаяпсиз? «Сичкон» дейиш тўғри бўларкан-ку деб қолса бўладими. Қизимга бир амаллаб бу нашриётнинг хатоси эканлигини, баъзан шундай хатолар ҳам бўлиб туришини, тўғри-нотўғрини аниқлаш учун ҳушёр ва билимли бўлишимиз кераклигини тушунтирган бўлдим. Аммо яна иккинчи қопқонга тушдим. «Lion» сўзини ўрганаётиб қизим кулиб юборди.
— Ойижон, шу расмдаги шерми, бу мушукча-ку. Шерга умуман ўхшамайди-ку? — деди. Эътибор бериб қарасам, эътирози ўринли. Унга бу сурат мушукчадек туюлиши рост экан. Бунга ҳам кўз юмдим. Қизимга кўп маҳмадоналик қилмасликни, ундан кўра сўзларни ўрганиши кераклигини айтдим. Ўрганишда давом этдик. Бу сафар эса ўзим ҳам кулиб юбордим. «Quil» — таржимаси пат экан. Аммо қани эди шу расмдан патни топиб бера олсам қизимга. Суратда ип-игна тасвирланган эди. Пат эса қаерга равона бўлганини билмадим. Хуллас, ҳафсалам пир бўлди-да, карточкаларни олиб бориб чиқинди қутисига ташлагим келди. Йўқ, ҳали бор, қани охиригача кўрайлик-чи, нима бўларкин? Хуллас, қўлимга «Yak» сўзи тушди. Карточкада ўзбекча таржимаси ҳам «Як» экан. Як сўзини қидиришга тушдим. «Як» — бир деганими? «Ўзбек тилининг изоҳли луғати» китобининг «Я»га оид саҳифасини очдим. Унда «як» сўзи бир, якка, ягона деган маъноларда қўлланиши келтирилган экан.
Лекин инглиз тили карточкасидаги суратда ёввойи буқа тасвирланган. Инглиз тилидаги «Yak» сўзининг ўзбекча таржимасини қидирамиз. Таржимаси «қўтос» экан.
«Ўзбек тилининг изоҳли луғати»да: «Қўтос — Марказий Осиёнинг баланд тоғли ҳудудларида яшайдиган, ҳўкизлар кенжа оиласига мансуб кавш қайтарувчи ҳайвон», — дейилган.
Ўзи бу карточкалар тафаккурни чархлашга мўлжалланганми ёки инглиз тили мутахассисларининг билимларини синовдан ўтказиш учун мўлжалланганми, билмадиму, лекин луғат-маълумотнинг энг охирги саҳифасида бу мактабгача ёшда бўлган болалар ва бошланғич синф ўқувчиларига мўлжаллангани ёзилган экан.
Болалар онги қабул қилувчан, янгиликни тез ўзлаштирувчан бўлади. Уларга нотўғри билим бериб чалғитиш — келажакка хиёнат эмасми? Лекин бу карточкалар ҳамма учун тушунарли, омма учун, энг муҳими, бола учун тушунарли тарзда чиқарилиши керак эди-ку. Сўзнинг маъносини топиш учун олти ёшли қизим «Ўзбек тилининг изоҳли луғати»ни варақлай олмайди, албатта. У ҳали мактабга ҳам чиқмаган бўлса. Ўша карточкадаги сўзни ўзлаштиради-қўяди, вассалом. Нашриётларнинг чиқараётган маҳсулотларини қатъий назорат қилиш шарт. Бу кечиктириб бўлмайдиган иш.
Нашр қилинаётган китобу қўлланмаларнинг маъно-мазмунига эътибор қаратмай, мўмай даромадига ошиқаётган нашриёту савдогарларнинг ўзлари фарзандларига шундай хато қўлланмаларни раво кўрадими? Афсуски, бундай карточкалар ҳали дўконда жуда кўп эди. Унинг анча қисми аллақачон мамлакатимиз бўйлаб тарқалган бўлса керак. Ҳамма ота-оналар ҳам инглиз тилини мукаммал билмайди, ёки уларнинг ҳаммаси ҳам шу сўзлар тўғри ёзилганмикан деб луғат варақлаб ўтирмайди-ку. Аммо барча ота-оналар боласининг чет тилларини, айниқса, инглиз тилини пухта ўрганишини жуда-жуда хоҳлаши бор гап. Бунинг учун болаларига қўлдан келганча шароит яратиб бериши табиий. Худди шунга ўхшаш карточка ва қўлланмаларни сотиб олиб беради. Боланинг тил ўрганиши, билимини чархлаши учун нашр қилинаётган баъзи бир қўлланмаларнинг эса аҳволи бундай. Демакки, уларга ишонч йўқ. Ўзбек тилидаги сўзники тўғри ёзишмаган экан, чет тилини болаларга ўргатмоқчи бўлаётган бу карточкаларда балки инглизча сўзларнинг ўзи ҳам нотўғри ёзилгандир? Энг ёмони шундаки, кимлардир аллақачон ушбу қўлланмаларни сотиб олиб, ундаги маълумотларни тўғри деб боласига ёдлатаётган бўлиши ҳам мумкин. Ўзимиз билмаган ҳолда болаларимизга ёшлигиданоқ хато-камчиликларга тўлган ўқув қуроллари билан билим берсак, уларнинг келажагини қандай тасаввур қила оламиз?
Китоб ёки билимни чархловчи қўлланмаларни сотиб олаётганда ҳушёр бўлинг, азизлар.
Дилфуза Эргашева
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter