Саудия воситачилигида Россия–Украина урушида асир олинган 10 хорижлик озод қилинди
Саудия Арабистони воситачилигида Россия–Украина урушида асир олинган 10 нафар чел эл фуқароси озод қилинди. Бу ҳақда подшоҳлик ташқи ишлар вазирлиги баёнот берди.
Баёнотга кўра, Саудия валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон инсонпарварлик тамойилларига кўра асирларни озод қилишда жонбозлик кўрсатган.
Буюк Британия, АҚШ, Швеция, Хорватия ва Марокаш фуқаролари бўлган 10 ҳарбий асир самолётда Саудия Арабистонига келтирилган. Улар тегишли тартибда ватанига қайтарилиши кутилмоқда. Асирлардан уч нафари (икки британиялик ва марокашлик) тан олинмаган Донецк халқ республикаси суди томонидан ўлим жазосига ҳукм қилинган эди.
Аввал хабар берганимиздек, Саудия валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Украина президентининг махсус вакили Рустем Умеров билан учрашувда ҳарбий зиддиятнинг гуманитар оқибатларини енгиллатиш йўлида чоралар кўрилаётганини қайд этганди.
Буюк Британия бош вазири Лиз Трасс қироллик фуқаролари бўлган ҳарбий асирларнинг озод этилишини олқишлаб, Украина ва Саудия Арабистони раҳбариятига миннатдорлик билдирган.
Эслатиб ўтамиз, асирлар алмашуви доирасида Россия Украинага 215 нафар ҳарбийни қайтарган. Россияга эса 55 маҳбус, жумладан, президент В.Путин билан яқин муносабатга эга экани айтиладиган кремлпараст сиёсатчи Виктор Медведчук топширилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter