Саудия ташқи ишлар вазири минтақавий хатар ҳақида бонг урди
Эрон билан ядро келишувидаги муваффақиятсизлик Яқин Шарқ минтақасида хатарли вазиятни вужудга келтиради, деди Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири шаҳзода Файсал ибн Фарҳан 11 декабрь куни ОАВга интервьюсида. Подшоҳлик бош дипломати Абу Дабида жаҳон сиёсати мавзусида ўтган анжуман доирасида яна бошқа муҳим баёнотлар ҳам берган.
Саудия вазирига кўра, Эрон ядро қуролига эга бўлса, Кўрфаз мамлакатлари ўз хавфсизлигини таъминлаш чораларини кўради.
«Биз ўта хатарли макондамиз. Ишончингиз комил бўлсинки, минтақа давлатлари ўз хавфсизлигини таъминлаш учун керакли чораларни кўришга мажбур бўлади», – деди у.
Айни пайтда Эроннинг Ғарб мамлакатлари билан ядро музокаралари боши берк кўчага кириб қолган. Айримлар бунда асоссиз талаблар илгари сураётган Эронни айбламоқда.
Расмий Риёз гарчи келишув амалга ошишига тўлақонли ишонмаётган бўлса-да, битим сўнгги эмас, дастлабки қадам бўлишига умид билдирмоқда.
Кўрфаз давлатлари Эроннинг ракета ва учувчисиз қурилмалар, шунингдек, минтақада қўғирчоқ бошқарув тизимини яратиш бўйича уринишларидан ҳам хавотирда.
«Афсуски, ҳозир биз кўраётган аломатларни ижобий деб бўлмайди. Биз эронликлардан ядро қуролини яратиш дастуридан манфаатдор эмасликлари ҳақида эшитмоқдамиз. Бунга ишониш қанчалар ёқимли бўлар эди. Биз бу борада тўлақонли ишонч ҳосил қилмоғимиз лозим», – деди Саудия бош дипломати.
Сиёсатдонга кўра, битимга эришув ҳам Теҳроннинг ядро қуролига эга бўлишга ҳаракат қилмаслигига кафолат бўла олмайди.
Саудия вазири АҚШ билан таранглашган алоқаларга ҳам муносабат билдирган. Гарчи келишмовчиликлар мавжуд бўлса-да, Кўрфаз давлатларининг Қўшма Штатлар билан робиталари кучли бўлиб қолади, деб ҳисоблайди у.
Файсал ибн Фарҳан интервью давомида подшоҳлик мустақил Фаластин давлати ташкил этиш ғоясига содиқ эканини ҳам таъкидлаб ўтган.
Аввал хабар берганимиздек, Саудия томони жорий йил июнь ойида Кўрфаз мамлакатлари ҳамкорлик кенгашининг вазирлар машваратида ҳам Эроннинг ядро лойиҳаси, исёнчилар қуроллантирилаётгани, терроризм қўллаб-қувватланаётгани ва минтақадаги беқарорликка уринишлар борасида хавотир изҳор этган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter