Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Саудия Арабистони Россиядан ўзиб кетди, аммо...

Саудия Арабистони Россиядан ўзиб кетди, аммо...

Фото: Susan Walsh/AP Photo

Саудия Арабистони нархларни тушириш эвазига ўтган йили Хитойга нефть экспорт қилиш ҳажмлари бўйича Россиядан ўзиб кетди. Пандемия шароитига қарамай хитойликлар нефть импортини 7,6 фоизга ошира олди. Бу ҳақда Хитой бош божхона бошқармаси маълум қилди.

Якунланган йилда Хитой жаҳонда энг йирик нефть импорт қилувчи давлат мақомини ўзида сақлаб қолди. Бир йилда бу ерга 542,4 миллион тонна хом-ашё (суткасига 10,85 миллион баррель) импорт қилинди. Бунда биргина Саудия Арабистони улуши салкам 85 миллион тоннага тенг бўлди ва 1,9 фоизлик ўсиш қайд этилди.

Россия эса иккинчи ўринни эгаллади ва ўтган йили ўзининг жанубий қўшнисига 83,57 миллион тонна хом-ашё етказиб берди ва 7,6 фоизлик ўсишга эришди.

Пандемия даврида Подшоҳлик олтин-валюта захиралари 50 миллиард долларга қисқарди.

Фото: John Moore

Саудия Арабистони ҳозирда бундай йўқотишни «қора олтин»нинг нархлари тушишидан йўқотган зарарини экспорт ҳажмларини ошириш ҳисобидан қоплашни қанчалик истамасин, ОПЕК+ келишувлари доирасида жаҳон бозорида нархлар кескин тушиб келмаслиги учун ишлаб чиқариш ҳажмларини қисқартириш бўйича ваъдасини бажаришига тўғри келмоқда.

Яманда тинчликка эришилмади, Эрон билан муносабатлар таранг

2014 йилда Яманда хуситларнинг «Ансар Аллоҳ» гуруҳининг ҳокимиятга келиши расмий Ар-Риёдни кескин норози қилди ва уларга қарши ҳарбий операцияларни ўтказди.

Саудия раҳбарияти Яманнинг амалдаги президенти Абду Раббу Мансур Ходига ўз ҳудудидан сиёсий қароргоҳ бериб, ҳукуматни шакллантирди.

Бироқ хуситларни бутунлай тор-мор этиш режаси нафақат амалга ошмади, кўплаб инфратузилма объектлари вайрон ва аҳоли вакиллари қурбон бўлди. Жанубда эса айримачи кучлар фаоллиги кузатилмоқда. Хуситлар ўз позициясини мустаҳкам сақлаб қолдилар ва эндиликда Саудиянинг чегарадош ҳудудларига ракета ва учувчисиз қурилмалардан вақти-вақти билан ҳужумларни амалга ошириб турибди.

Шиа хуситларини қўллаб-қувватлайдиган яна бир минтақавий куч – Эрон ҳам ҳозирда қўшниси Саудия билан стратегик рақобатни олиб бормоқда. Бунга қарши саудияликлар тиш-тирноғи билан қуролланмоқда, АҚШ томонидан миллиардлаб долларлик замонавий қурол-аслаҳаларни харид қилмоқда.

Бу борада АҚШ Саудияни, Россия эса Эронни қўллаб-қувватлашини таъкидлаш жоиз. Форс кўрфази араб давлатлари ҳам бу зиддият қаршисида якдил ва бирдам эканлигини билдирмоқда. Албатта, кеча янги лавозимида иш бошлаган АҚШ президенти Жозеф Байденнинг Эрон масаласидаги ташқи сиёсати кўп нарсага ойдинлик киритади.

Яқинда эса 2017 йил мартидан буён Қатарни яккалаб келаётган Форс кўрфази мамлакатлари расмий Доҳа билан яна келишиб олишди. Бунга қўшимча равишда Эроннинг ашаддий рақиби ҳисобланган Исроил билан алоқалар ҳам қайта тикланди.

Пандемия оғир кечмоқда

Саудия Арабистонида коронавирус юқтирганлар сони 400 мингга яқинлашиб қолди, вафот этганлар эса 6,2 минг нафардан ошди. Коронавируснинг янги штампи туфайли мамлакат ўз чегараларини, ҳаво ва денгиз, қуруқлик ўтиш жойларини март ойи охирига қадар ётиб қўйди.

Фото: GETTY IMAGES

Аҳолини оммавий эмлаш режаси доирасида декабрь ойи сўнгида шаҳзода Муҳаммад бин Салмон ҳам илк вакциналарни қабул қилди.

Эндиликда вакцина қилиш ишлари 3 босқичда бўлиб ўтади. Аввало 65 ёшдан катталар ва ортиқча семизликка эга фуқаролар, иммунитет билан боғлиқ муаммоларга эга ҳамда икки ва ундан ортиқ доимий касалликлари қайд этилган шахслар, профессионал фаолияти туфайли коронавирусни юқтириш эҳтимоли юқори бўлган касб вакиллари биринчи галда эмланади.

Шу билан бирга мамлакатдаги ҳозирги вазиятда Валиаҳд Муҳаммад коррупцияга қарши кенг кўламли курашни олиб бормоқда, Бундай жиноятларга алоқалар шахсларни ҳибсга олишлар ва тергов ҳаракатлари кучайтирилмоқда. Кўп миллиардли зарарлар давлат ҳисобига қопланмоқда. Инсон ҳуқуқларини яхшилаш борасида салмоқли қадамлар қўйилмоқда.

Г.Равшанова, шарҳловчи

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг