Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Saudi Aramco рекорд натижа қайд этди

Saudi Aramco рекорд натижа қайд этди

Фото: Reuters

Саудия Арабистонининг Saudi Aramco нефть ширкати 2022 йилнинг биринчи ярми якуни бўйича рекорд даражада фойда кўрди. Компания ўтган олти ой давомида 87,9 миллиард доллар даромад қилган. Бу 2021 йилнинг ушбу даврига қараганда қарийб 90 фоиз ўсиш деганидир.

Saudi Aramco иккинчи чоракда 48,4 миллиард доллар соф фойда кўрган. Қайд этилишича, ширкат сармоядорларга учинчи чоракда 18,8 миллиард доллар дивиденд тўлайди.

Таҳлилчиларга кўра, Украина уруши ва пандемиядан кейин дунё иқтисодиёти жонланаётгани сабаб халқаро бозорда қора олтинга бўлган талаб ошиб бормоқда.

Bloomberg агентлигининг ёзишича, Saudi Aramco жаҳон биржаларида рўйхатдан ўтган очиқ компаниялар кўрсатган натижалар ичида мутлақ рекордни қайд этган.

Халқаро валюта жамғармаси ҳам Саудия Арабистони иқтисодиёти йил якунида 7,6 фоиз ўсиши, подшоҳлик ЯИМга бир триллион доллар қўшилишини башорат қилган.

Saudi Aramco раҳбарияти дунёда ошиб бораётган эҳтиёжни қондириш учун нефть қазиш кўрсаткичи оширилишини маълум қилган. Айни чоқда, ширкат иқлим ўзгаришлари каби глобал муаммони унутмаган ҳолда, муқобил энергия манбаларини ривожлантиришга эътибор қаратади.

«Дунё бозорида нарх-наво ўзгаришлари ва мавҳумлик юқори даражада қолмоқда. Аммо биринчи яримйиллик якунлари бозор талабини қондириш ҳамда янги энергия манбаларига тадрижий ўтиш учун саноатимизга сармоя киритиш бўйича чора-тадбирларимиз тўғри бўлганини кўрсатмоқда», – дейди Saudi Aramco раҳбари Амин Носир.

Аввал хабар берганимиздек, Saudi Aramco жорий йил май ойида Apple’ни ортда қолдириб, дунёнинг энг қиммат компаниясига айланган эди. Саудия ширкатининг капиталлашуви 2,43 триллион доллардан ошган. АҚШ IT компанияси капитали эса 2,42 триллион долларни ташкил этган.

Saudi Aramco (тўлиқ номи – Saudi Arabian Oil Company) Саудиянинг миллий нефть-газ компанияси бўлиб, 1933 йилда таъсис этилган. Дунё қора олтин захираларининг 12 фоизи, ишлаб чиқаришнинг 10 фоизи, экспортнинг 14 фоизи унинг ҳиссасига тўғри келади.

Ширкатнинг АҚШ, Япония, Хитой, Жанубий Корея, Малайзия, Сингапур, БАА, Буюк Британия, Нидерландия каби мамлакатларда ҳам йирик завод ва филиаллари мавжуд.  У дунёдаги йирик супертанкерлар флотига ҳам эгалик қилади.

Бир муддат аввал Ўзбекистон инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Саудиянинг бир қатор компаниялари қаторида Saudi Aramco мамлакатимиз энергетика ва кимё соҳасига сармоя киритишга қизиқиш билдираётганини маълум қилганди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг