«Сардоба харобаларида». Молхона-омборхона 5 ёшли бола ва унинг оиласига бошпана бўлди
Сардоба фожиаси рўй берганига анча вақт бўлди, аммо унинг оғриқли асоратлари ҳамон аригани йўқ. Блогер Азиза Умарова тўфон ўпирилиши оқибатида қийин аҳволда қолган бир оила тақдири ҳақида ҳикоя қилди.
Унинг қайд этишича, Сирдарё вилояти, Мирзаобод тумани, Ҳақиқат маҳалласи, Бўстон кўчасида илгари молхона, омборхона бўлган жой энди бир оила учун бошпанага айланган.
«Бу ерда 44 ёшли идиш ювувчи бўлиб ишлайдиган аёл, унинг турмуши ўхшамаган 25 ёшли санитарка бўлиб ишлайдиган қизи Дилдора, 16 ёшли яна бир қизи яшайди. Бу уйда эркак зотидан фақатгина катта қизининг беш ёшли ўғли бор. Ушбу постни жойлаштиришдан олдин улардан ҳужжатларини сўраб олдим.
Биз жамият сифатида тонг саҳардан ухлаб ётган одамлар устига ёпирилган сув гўёки Сардоба туманида, 1-совхозда ҳеч кимни оқизиб кетмагандек, гўё даҳшатли ҳеч нарса содир бўлмагандек тутдик ўзимизни. Дом-дараксиз йўқолганлар ҳақида ҳам ҳеч қанақа рўйхат йўқ, жимжитлик. Оғир сукунат. Бу энди айбдорларнинг виждонига ҳавола.
Лекин соғ-омон, аммо уйидан айрилиб, бошпанасиз қолганларнинг ҳоли не кечади? Тўғон бузилганда оддий санитарка Дилдора Ашированинг уйини бутунлай сув босди. Фақат пойдевор қолди (видеоси бор). Бу оила сув тошқинидан жабрланганлар сифатида ҳеч қандай моддий ёрдам олмаган. Тупкадаги бир қишлоқ жой бўлгани учун уйининг кадастри ҳам йўқ эди. Кадастрни баҳона қилиб, давлат уларга уй бермади, ўрнига беш қаватли янги уйдан кредитга хонадон сотиб олишни таклиф қилди.
Бундай оиланинг қандай қилиб, қайси пулига уй сотиб олиши мумкинлигини тасаввур қилишнинг ўзи қийин.
Тўғон бузилишида оддий одамларнинг айби бўлмаса, нима учун у ўзига уй сотиб олиши кераклигини-ку умуман гапирмаса ҳам бўлади.
Мен Сардобада жабр кўрган одамларнинг муаммоларига эътибор қаратишингизни сўрайман! Дилдора ва унга ўхшаганларга уй беришингизни илтимос қиламан! Давлат ҳисобиданми, пудратчилар ё лаққа балиқлар ҳисобиданми фарқи йўқ. Лекин қандайдир шубҳали қурилиш тизимини деб жабрланганларнинг бўйнига кредит осиб қўймаслик керак. Ватанимизнинг «буюк келажаги» бўлган болаларига молхонанинг бурчаги эмас, тузукроқ шароит яратиш керак... Қиш яқин қолди», деб ёзади Азиза Умарова.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter