Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Санжай Шерали Жўраевнинг қўшиғини унинг рухсатисиз куйлагани учун маъмурий жавобгарликка тортилди

Санжай Шерали Жўраевнинг қўшиғини унинг рухсатисиз куйлагани учун маъмурий жавобгарликка тортилди

Фото: «Uz.lyricsus.com»

Хабарингиз бор, ижтимоий тармоқларда хонанда Санжай тахаллуси билан ижод қилаётган Джавбердиев Санжар Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраевнинг қўшиқлари матнини ҳуқуқ эгаларининг рухсатисиз ўзгартирган ҳолда ижро этгани сабабли Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлигига чақиртирилгани ҳақидаги видео ёзувлар тарқалган эди.

Сабаби, Интеллектуал мулк агентлиги Мулкий ҳуқуқларни жамоавий асосда бошқарувчи ташкилотнинг мурожаати асосида С.Джавбердиев томонидан шеър муаллифи У.Азимов ҳамда Ўзбекистон ҳалқ артисти Ш.Жўраев ижросидаги «Карвон» номли қўшиғини ва шеърини асар яхлитлигини бузган ҳолда муаллифларнинг розилигисиз ижро этилган ҳолатларни аниқлаган ҳамда Санжайга нисбатан Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома расмийлаштирилиб, маъмурий жавобгарлик масаласини кўриб чиқиш учун тегишли судга киритилган.

Ва, ниҳоят, 2021 йил 9 март куни Навоий вилояти Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди томонидан хонанда Санжар Джавбердиев (Санжай)га нисбатан ЎзР МЖтК 177-(1)-моддаси биринчи қисми бўйича базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баравари (669 000 сўм) миқдорида жарима жазоси тайинланди, дея хабар берди Интеллектуал мулк агентлиги.

«Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида»ги Қонуннинг 62-моддасига асосан муаллифларнинг шахсий номулкий ҳуқуқларини бузиш, ҳуқуқ эгаси ёки мулкий ҳуқуқларни жамоавий асосда бошқарувчи ташкилот билан шартнома тузмасдан асарлар ёки турдош ҳуқуқлар объектини такрорлаш, тарқатиш ёки ундан бошқача тарзда фойдаланиш муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларни бузиш ҳисобланади.

Қонуннинг тегишли моддаларида муаллиф ҳуқуқлари аниқ келтирилган. Хусусан, ижрочилар ўз ҳуқуқларини ижро этиладиган асарлар муаллифларининг ҳуқуқларига риоя этган ҳолда амалга оширишлари керак.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида «cover» ижро тушунчаси киритилмаган. Хорижий давлатларда «cover» ижро мавжуд. Бу бўйича тарафлар шартнома асосида фаолият юритишади. Яъни ўзганинг асарини cover сифатида ижро қилмоқчи бўлган ижрочи муаллифдан рухсат сўраган ҳолда шартнома тузиши ҳамда шартнома бўйича ҳуқуқ эгасига муаллифлик ҳақини тўлаши лозим, дейилади хабарда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг