«Самосуд» қилманг, судланасиз!
Бугун жамиятимизда содир бўлаётган айрим воқеаларларни ижтимоий тармоқлар орқали кўриб, одамларимиз кундан-кунга бағритош бўлиб бораётгандек тасаввур уйғонади.
Деярли кунора чиқаётган бировга тан жароҳати етказиш, ўлдириб қўйиш билан боғлиқ воқеаларга аксарият ҳолларда спиртли ичимлик таъсирида ақлини йўқотиш, ўзини бошқара олмаслик сабаб бўляпти. Лекин, ақли-ҳуши жойида, соппа-соғ фуқароларимиз томонидан ҳам бошқаларни «ўзича судлаш» ва жазолаш воқеалари тез тез содир бўляптики, бу ҳаммамиз учун жуда ачинарли ҳолат.
«Ўзича судлаш» нима ва нимаси билан хавфли?
«Ўзича судлаш» – бу ҳуқуқбузарлик содир этган ёки ҳуқуқбузарлик содир этишда гумон қилинган шахс ҳақида тегишли давлат органига хабар қилмасдан, уни ўзбошимчалик билан қонунга хилоф равишда жазолашдир.
«Ўзича судлаш» деган иллатнинг яққол мисоли сифатида, яқинда, Тошкентнинг Қўйлиқ бозорида бировнинг автомобилини очаётган шахсларни, Самарқанд вилоятида фермер хўжалиги мол-мулкини ўғирлашда гумон қилинган шахсларни, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Сирдарё вилоят филиалида беморнинг ўлимида гумон қилинган шифокорларнинг ўзбошимчалик билан жазоланганини кўрсатиш мумкин.
Ўзича судлаш жамият учун катта хавф туғдирадиган ҳолат. Нимаси билан дейсизми? Асосий хавфларни санаб ўтамиз, демак:
- биринчидан, «ўзича судлаш» оқибатида жазоланган шахс аслида айбсиз бўлиши ёки айбдору, лекин жазо адолатли бўлмаслиги, яъни арзимаган қилмиш учун жуда жиддий жазо бериб юборилиши мумкин. Чунки, ўзича судлаш кўпинча тўсатдан аниқланган ҳолатлар бўйича ва ҳолат содир бўлган жойнинг ўзида, кўпчиликнинг ҳис-ҳаяжонини жиловлаш имкони мавжуд бўлмаган шароитларда содир этилади. «Ўзича судлаш» пайтида жазолаётган шахслар жазо адолатли бўлиши кераклигини ўйлаб ўтирмайди, одатда кучи етганича жазолаб юбораверади;
- икинчидан, «ўзича судлаш»ни амалга ошираётганларнинг ўзларини соғлиги ва ҳаёти хавф остида қолиши мумкин. Агар ушланган шахс ростдан ҳам жинояти бўлса ва ўзи билан пичоқ ёки бирор совуқ қурол олган бўлса, жазоламоқчи бўлганларнинг соғлигига жиддий зарар етказиши мумкин;
- учинчидан, ўзича судлаш бу шунчаки тартибсизлик ва маданиятсизлик бўлиб, ўзини ҳурмат қилган ҳар қандай давлатда Ҳукумат бундай ҳолатларга қарши кескин курашади. Чунки, ҳар қандай тартибсизлик мамлакатни ривожланишига тўсқинлик қилади, обрўсига салбий таъсир кўрсатади,
ва вақтида тўхтатилмаса хаос, яъни бошбошдоқликка олиб келиши ҳеч гап эмас.
Қонун тилидан..
Қонунларимиз «ўзича судлаш»ни тақиқлайди.
Авваламбор, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддасида жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмаслиги белгилаб қўйилган. Яъни, тегишли суднинг қарорисиз бировни айбдор ҳисоблаш ҳам, жазолаш ҳам мумкин эмас.
Бундан ташқари, «ўзича судлаш», яъни қонун тили билан айтганда «ўзбошимчалик» Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 200-моддаси ва Жиноят кодексининг 229-моддасига мувофиқ, фуқароларнинг ҳуқуқларига ёки қонун билан муҳофаза этиладиган манфаатларига, давлат манфаатлари ёки жамоат манфаатларига жиддий зарар ёки зиён келтирмаган ҳолда содир этилса, энг кам иш ҳақининг уч бараваригача миқдорда жарима билан, фуқароларнинг ҳуқуқлари ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларига ёхуд давлат ёки жамоат манфаатларига кўп миқдорда зарар ёки жиддий зиён етказилишига сабаб бўлса, — энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Шунингдек, «ўзича судлаш» кўпинча жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслик, уриш-дўппослаш, баданга енгил шикаст етказиш ёки ўзганинг мулкига шикаст етказиш ёхуд нобуд қилиш анча зарар етказиш билан боғлиқ ҳолда содир этилади ва Жиноят кодексининг 277-моддасига мувофиқ «безорилик» деб баҳоланиб, беш йилгача озодликдан маҳрум қилишгача бўлган жазо билан жазоланади.
Лекин, бу ҳаммаси эмас.
Ўзича судлаш оқибатларидан келиб чиқиб, жазо янада оғирлашиши мумкин. Масалан, ўзича судлаш оқибатида кимдир ўлдириб қўйилса, унда қасддан ёки эҳтиётсизлик орқасида одам ўлдириш (жазоси – 25 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод озодликдан маҳрум қилишгача), тан жароҳати етказилса қасддан баданга шикаст етказиш (жазоси – 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилишгача), агар ўзича судлаш хизмат вазифасини бажараётган ҳокимият вакилининг қонуний фаолиятига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга нисбатан амалга оширилса унда ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш (жазоси – 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 5 йилгача озодликдан маҳрум қилишгача) деб баҳоланиши ва айбдор шахслар ана шу жиноятлар учун белгиланган жазога тортилиши мумкин.
Яна шундай мураккаб ҳолатлар борки, уларни ҳуқуқшунос бўлмаган одам бошига тушмагунча билмайди. Масалан, оддий қарз олди-бердиси билан боғлиқ можароларни мисол келтириш мумкин. Биламизки, қарзни ёки унинг фоизини қайтариб олиш учун қарз берувчи кўп нарсага тайёр бўлади ва айрим ҳолларда иш «ўзича судлаш»гача етиб боради. Шу ўринда, қарз берган, лекин қайтариб ололмаётган фуқароларимиз шуни билиб қўйишлари керакки, қарздордан қарзни талаб қилишда қарздорга кандайдир шаклда куч ишлатиш, агар қарздорни соғлиғига зарар етмаган бўлса, ўзбошимчалик (ЖКнинг 229-моддаси) тариқасида баҳоланади. Қарздор ва қарз берувчи ўртасида фоизлар тўлаш бўйича олдиндан келишув бўлмаган бўлса, берилган қарз учун фоиз талаб қилиш товламачилик жинояти таркибини ташкил қилади (Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1998 йил 17 апрелдаги 11-сонли қарори).
Ривожланган хорижий мамлакатларда ҳам «ўзича судлаш» учун оғир жазо чоралари белгиланган. Хусусан, Буюк Британияда 3 ва ундан ортиқ киши умумий мақсад учун қонунга хилоф куч ишлатса ёки шундай куч ишлатиш билан қўрқитса, ҳамда уларнинг ҳатти-ҳаракати ўша ерда ҳозир бўлган бошқа шахсларга ўз шахсий хавфсизлиги учун қўрқишига сабаб бўлиши мумкин бўлса, ушбу шахслар зўравонлик ҳаракатларини содир этишда айбдор деб топилади ҳамда 5 йилгача муддатга озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Агар биргаликда ҳозир бўлган 12 ва ундан ортиқ киши умумий мақсад учун қонунга хилоф куч ишлатса ёки шундай куч ишлатиш билан қўрқитса, ҳамда уларнинг ҳатти-ҳаракати ўша ерда ҳозир бўлган бошқа шахсларга ўз шахсий хавфсизлиги учун қўрқишига сабаб бўлиши мумкин бўлса, барча шахслар оммавий тартибсизлик содир этишда айбдор деб топилади ҳамда 10 йилгача муддатга озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Нима қилиш керак?
Мақоланинг бошланишида таъкидланганидек, «ўзича судлаш» ҳолатлари кўпайиб бормоқда. Фақатгина тиббиёт ходимларига нисбатан қилинган бундай ҳаракатларни ўзини оладиган бўлсак, биргина Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг ҳудудлардаги филиалларида 2018 йил ва 2019 йилнинг ўтган олти ойи давомида 50 дан ортиқ тиббиёт ходимларига бемор ва унинг қариндошлари томонидан ноқонуний тажовуз қилиниши билан боғлиқ қонунбузарликлар содир этилган.
Балки, «ўзича судлаш»га сабаб бўлган воқеаларда жабрланганларнинг ҳам айблари бордир. Яъни, ҳақиқатдан ҳам ўғирлик ёки унга суиқасд қилингандир, тиббиёт ходимлари билан содир бўлган воқеаларда эса сифатсиз тиббий хизмат кўрсатилгандир. Биз буни тасдиқлай ҳам, инкор қила ҳам олмаймиз. Лекин, шуниси аниқки, нима бўлганда ҳам айбдорларни аниқлаш ва жазолашни исталган одам амалга ошириб кетаверишга ҳаққи йўқ. Бунинг учун тегишли давлат органлари бор.
Шунинг учун, бирор шахсни ноқонуний ҳаракати учун жазоламоқчи бўлган одам ички ишлар, миллий гвардия, прокуратура ва бошқа давлат органларига мурожаат қилиши керак.
Шу ўринда таъкидлаб ўтамиз, Жиноят кодексининг 39-моддасига мувофиқ, ижтимоий хавфли қилмиш содир этган шахсни ҳокимият органларига топшириш мақсадида ушлаш вақтида унга зарар етказиш, агар уни ушлаш учун зарур бўлган чораларнинг чегарасидан четга чиқилмаган бўлса, жиноят деб топилмайди. Бунда махсус ваколатли шахслар билан бир қаторда жабрланувчи ва бошқа фуқаролар ҳам ижтимоий хавфли қилмишни содир этган шахсни ушлаш ҳуқуқига эгадирлар.
Лекин, ижтимоий хавфли қилмиш содир этган шахсни ушлаш чегарасидан ўтиб, уни ўзича «ўзича судлаш»ни амалга оширганларнинг ўзлари ҳам судланишлари аниқ. Фақат улар қонуний тартибда судланадилар ва жазоланадилар!
Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти «ўзича судлаш»дан келиб чиқадиган ҳуқуқбузарликлар билан боғлиқ вазиятни таҳлил қилиб боради ва, хориж тажрибасини ўрганган ҳолда, бундай ҳуқуқбузарликлар учун жазо чораларини кучайтириш бўйича тегишли қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар ҳақида таклифлар тайёрлайди.
Аъзам Мадаминов,
Абдухалил Турсунов,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги
Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти
масъул ходимлари
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter