Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Самарқандлик уч бекорчи «миллионер»га айланди!

Самарқандлик уч бекорчи «миллионер»га айланди!

Фото: «Xabar.uz»

Бекорчилик жонидан ўтган одамга иш масаласига оид шубҳали таклифлар ҳам ҳақиқатдек туюлади. Самарқандлик уч фуқаро (уларнинг кимлигини сўраманг, ишга жойлашиш илинжида чув тушаётганлар камми?) ҳам «Кореяда иш бор» деган гапга лаққа тушиб, ҳамшаҳри Ж.П. ва бошқаларнинг остонасига бош уриб боришди. «Ҳожатбарорлар»нинг  тўлов-пўловга оид ҳеч нарса демасдан, фақат уларнинг  фуқаролик паспортларини олиб қолгани шубҳаларни тарқатган бўлса, эҳтимол. Чунки, «хорижга ишга жўнатаётганлар»нинг аксарияти гапни  тўловдан бошлаб, тўловдан тугатади-да.

Қисқаси, ана-мана «Кореяга кетаман» деб юрганлар ўзлари билмаган ҳолда «N.C.» МЧЖнинг таъсисчиларига  айланиб, «миллионер» бўлишди (сўмда бўлсаям-да)?!

Қандай қилиб?

Гап шундаки, А.Н. ва бошқа «ҳожатбарорлар» уч нафар ҳамюртининг фуқаролик паспортини қўлга киритгач, уларни «таъсисчи қилиб», юқорида номи тилга олинган МЧЖни очишади. Ва... 2019 йилнинг июль-август ойларида 7,4 млрд. сўмлик товар айланмасини амалга оширишади. Товар айланмасини ҳисоботларида камайтириб кўрсатиш орқали 1,4 млрд. сўм қўшилган қиймат солиғини тўлашдан қасддан бўйин товлашади. Бундан ташқари, улар «Paynet» хизматидан тушган 4,2 млрд. сўм нақд пул маблағларини банк муассасасига топширмаганликлари ҳам аниқланган.

Шоввозларнинг бу «ўйини» Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Самарқанд шаҳар бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда фош этилди.

Бош прокуратура матбуот хизматининг «Xabar.uz»га маълум қилишича, айни пайтда А.Н. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг