Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Самарқандлик олимлар буғдойнинг янги навини яратди

Самарқандлик олимлар буғдойнинг янги навини яратди

Тошкент давлат аграр университети Самарқанд филиали профессори Ғулом Ғайбуллаев раҳбарлигидаги самарқандлик олимлар буғдойнинг янги, серҳосил навини яратишган. Бу ҳақда «Халқ сўзи» газетасида маълум қилинган.

Ўтказилган тажрибалар, селекция ишлари натижасида буғдойнинг иқлим шароитига мос, баракали ва эртапишар «Ўзбекистон-30» ва «Самарқанд» навлари яратилган. Айни кунларда мазкур навлар Республика давлат нав синаш илмий марказида синовдан ўтказилмоқда.

— Ўзбекистон бошоқли дон экинлари ҳосилдорлиги бўйича дунёда етакчи ўнталикка кирган давлатлардан саналади, — деган профессор Ғулом Ғайбуллаев. — Жомбой туманида жойлашган ушбу уруғчиликка ихтисослашган фермер хўжалигига қарашли 80 гектар тажриба майдонида ҳозирга қадар буғдойнинг «Жасмина», «Фарбома», «Амира», «Зарафшон» ва арпанинг «Бек» навлари яратилди.

Эътиборли жиҳати шундаки, самарқандлик олимлар томонидан «Крошка» ва «Сангзор-8» навларини чатиштириш асосида яратилган буғдойнинг «Жасмина» нави серҳосил, иқлим шароитига мослиги билан амалиётда тўлиқ ўзини оқлаган. Бугунги кунда ушбу нав вилоятнинг 13 минг гектардан ортиқ ер майдонида ва қўшни Жиззах, Навоий, Бухоро ва Қашқадарё вилоятлари далаларида экилмоқда. Ҳосилдорлиги ўртача 60-70 центнердан йиғиштириб олиняпти.

2022 йил ҳосили учун вилоятдаги 472 та уруғчиликка ихтисослашган фермер хўжалигининг 10 минг 414 гектар ер майдонига буғдойнинг «Жасмина», «Яксарт», «Давр», «Фарбома» сингари навлари экиб парваришланмоқда. Жорий йил ғалла ўрим-йиғими мавсуми давомида 31 минг 462 тонна уруғлик дон етиштириш режалаштирилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг