Самарқандда Француз альянси филиали очилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Франция Республикаси Президенти Эммануэль Макрон Француз альянсининг Самарқанд шаҳридаги филиалига ташриф буюрдилар.
Француз тили ва маданиятини тарғиб қилишга кўмаклашувчи ушбу ноҳукумат нотижорат ташкилот 1883 йилда Париж шаҳрида Жюль Верн ва Луи Пастер каби ўз даврининг атоқли шахслари ташаббуси билан тузилган. Бугунги кунда Француз альянсининг 800 дан зиёд филиали дунёнинг 137 та мамлакатида фаолият юритмоқда.
Альянснинг мамлакатимиздаги биринчи филиали 2015 йилда Тошкентда очилган эди. Маданият ва тил соҳасидаги икки томонлама алмашинувларни янада кенгайтириш мақсадида яқинда Самарқанд шаҳрида яна бир филиал ташкил этилди.
Ташриф чоғида давлат раҳбарлари тасмани тантанали равишда кесдилар ва марказни очиб бердилар.
Президентлар замонавий жиҳозланган марказнинг имкониятлари билан танишдилар. Бу ерда француз тили ва адабиёти бўйича ўқув курслари ташкил этилади. Марказ 200 нафаргача француз маданиятига қизиқувчиларни қабул қила олади.
Альянснинг Самарқанддаги фаолияти халқларимизни янада яқинлаштириш, ўзаро дўстликни мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонч билдирилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter