Самарқанд осмонида ҳаво шари
Юртимизда ўтказилаётган «Ёш ватандошлар» фестивали иштирокчиларининг Самарқандга ташрифи бир умр эсдан чиқмайдиган таассуротларга бой бўлди: улар ҳаво шарида Регистон майдонини «қуш парвози» баландлигидан томоша қилдилар.
Ўзбекистон аэронавтика федерацияси мутахассислари Тошкентдан олиб келган чиройли ҳаво шарида дастлабки тўрт иштирокчи парвоз қилди. Уларнинг соғ-саломат Регистон майдонига қўнганини кўрган ёшлар орасида бу чексиз завқ берадиган парвознинг ишқибозлари кўпайиб кетди.
− Россияда ишлаб чиқарилган бу ҳаво шари тўрт кишининг учишига мўлжалланган, − деб тушунтирди ана шу ишни Самарқандда йўлга қўйиш тараддудида юрган тадбиркор Хайрулла Мамасолиев. – Биз эса Германиядаги мутахассисларга саккиз кишилик ҳаво шарига буюртма бердик. Ҳадемай шаримиз етиб келади, унгача Москвага ўқишга юборилган йигитларимиз ҳам керакли сертификатларни олиб, мутахассис бўлиб келишади. Май ойидан Самарқанднинг ўз ҳаво шарлари осмонга кўтарилишни бошлайди.
Айни дамларда Регистон майдонида Самарқанд аҳли ва меҳмонлар учун «3D» мэппинг шоуси намойиш этилишига тайёргарлик кўрилмоқда. Саёҳларни жалб қилиш мақсадида бу томошалар ҳам энди ҳар оқшом намойиш этилиши кўзда тутилган.
Каримберди Тўрамурод, «Хаbar.uz»нинг махсус мухбири. Самарқанд шаҳри.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter