Самарқанд давлат тиббиёт университети талабалари АҚШда ўқиш имконини қўлга киритади
Самарқанд давлат тиббиёт университетининг «Ҳамширалик иши» қўшма таълим дастури бўйича талабалари АҚШда ўқиш ва ишлаш имкониятига эга бўлади.
Самарқанд давлат тиббиёт университети АҚШнинг Вебстер университети билан бир неча йилдан бери ўзаро ҳамкорлик алоқаларини юритиб келмоқда. Жумладан, икки муассаса ўртасида «Тиббий биология» ва «Олий ҳамширалик» бўйича малакали мутахассисларни Америка стандартлари асосида тайёрлашга кўмаклашиши ҳақида келишиб олинган эди.
Мазкур келишув доирасида Самарқанд давлат тиббиёт университети Ўзбекистон олий тиббий таълим муассасалари ичида биринчилардан бўлиб Вебстер университети билан ҳамкорликда «Ҳамширалик иши» йўналиши бўйича қўшма таълим дастурини амалга ошириш бўйича уч томонлама меморандум имзоланди. Меморандумга кўра 2024-2025-ўқув йилидан 3+1 шаклидаги «Ҳамширалик иши» қўшма таълим дастури амалга оширилиб, СамДТУ талабалари АҚШнинг нуфузли университетида таҳсил олиш ҳамда малакаларини ошириш имкониятига эга бўладилар.
Таъкидлаш жоизки Самарқанд давлат тиббиёт университети ва Вебстер университети ўртасидаги мазкур қўшма таълим лойиҳаси мамлакатимиз тиббиёт олийгоҳлари ичида биринчи бўлиб, талабаларимизнинг жаҳон стандартлари асосида тиббий билим олишлари ва рақобатбардош мутахассислар бўлиб етишишларига кўмак беради.
Қўшма таълим дастурига қабул жараёнлари жорий йилнинг август ойида бошланади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter