Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Саид-Абдулазиз Юсупов «Миллий тикланиш» партиясининг «дуэл»га таклифини қабул қилди

Саид-Абдулазиз Юсупов «Миллий тикланиш» партиясининг «дуэл»га таклифини қабул қилди

Бир неча кун олдин ЎзАда ЎзЛиДеП партияси вакили, Ўзбекистон босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш фонди раҳбари Саид-Абдулазиз Юсупов «Миллий тикланиш» партияси раҳбариятини сиёсий дебатларга тайёр эмаслигини билдирган эди.

Шундан сўнг партия раҳбарлари ушбу танқидга раддия берди. Саид-Абдулазиз Юсупов ушбу раддияга ҳам ўз муносабатини билдирди.


«Мен теледебатга тайёрман!

«Ўзбекистон24» радиоканалидаги «Постскриптум» эшиттириши мобайнида «Миллий тикланиш» партияси вакилларининг дебатга тайёр эмаслиги ҳақидаги танқидим ортидан «Миллий тикланиш» партиясининг «муносабати»ни ҳамда теледебатга чақириғини ўқиб, мамнуният билан бу таклифни қабул қилганимни маълум қиламан.

Аммо, «Миллий тикланиш» партияси мансубларига дебатолди баъзи фикрларимни етказиб қўйишни ўз бурчим деб билдим.

Биринчидан, муҳтарам «Миллий тикланиш» партияси вакиллари! Ҳар бир сиёсий партия учун зарур бўлган сиёсий ирода ва сиёсий маданият деган тушунчалар бор. «Миллий тикланиш» номи муқаддас ном. У ўзида миллий маънавий, маданий қадриятлар сингари бизни Биз қилган, миллатни улуғлайдиган ўзига хосликни англатади. Асосий аргументларимни теледебат учун сақлаб қўйган ҳолда, Сизнинг бир нуқтага эътиборингизни қаратмоқчиман. Сизни дебатга тайёр эмас, деб баҳо беришимда аввало ҳовлиқмалик ва асосий масала қолиб шахсга ўтиб кетишингизни назарда тутгандим. Кеча эълон қилган ўз «муносабат»ингизда айни хатоларга йўл қўйдингиз. Бир сиёсий партия ўлароқ «ўзингизга хос» хислат – ҳовлиқмалик билан менинг бир думалаб «ЎзЛиДеп» аъзосига айланиб қолганимни айтибсиз. Аввало, агар Сизнинг партиянгизга аъзолик бир думалаб амалга оширилса, бизнинг партиямизда бундай ҳолат йўқ! Бизнинг партиямизга аъзо бўлишни истаганлар партиямизнинг ҳудудий бўлимига келиб, ариза бериш орқали аъзо бўлишади. Яъни ўз сиёсий иродаси билан бизнинг партиямизга аъзо бўлишади, бир думалаб эмас! Шахсан менинг қачондан бери бу партияга аъзо бўлганимни билмоқчи бўлсангиз айтай: 25 ноябрь 2017 йилда. Аъзолик гувоҳномамнинг рақами № 0387050. Бунга ҳам ишонмасангиз мана гувоҳномамнинг расми.

Иккинчидан, ўз «муносабат-баёнот»ингиз орқали қўрқоқ аввал мушт кўтарар деб бошлабсиз. Биз мактабда ўқиганимизда, кейинчалик университетда мантиқ деган фанни ўқиганмиз. Ўша фаннинг таъсири бўлса керак, айтаётган гапимиз учун масъулликдан ташқари унинг қанчалик мантиқлилиги хусусида ўйлаб кўрамиз. Мен бир партия аъзоси сифатида, шунчаки эмас, асоссиз эмас асосли равишда (бу сабабларга теледебатда батафсил тўхталамиз ҳали!) танқидий фикр билдиришимга сабаб бор эди. Диққат қилинг сабаб деяпман, қўрқув эмас! Мен бир сиёсий партия мансуби ўлароқ, бошқа партия бўлган Сизнинг партиянгиздан қанақа қўрқувим бўлиши мумкин? Умуман, демократик-ҳуқуқий давлат фуқароси сифатида қонун устуворлигини ҳамда шахс ҳуқуқлари таъминланаётган бир жамиятда яшаб туриб, қайсидир сиёсий партиядан нега қўрқишим керак? Агар Сиз мени сиёсий қўрқоқликда айблаётган экансиз, демак Сиз ўз партиянгизни «қўрқитувчи» деб ҳисобласангиз керак ёки давлатимизда сиёсий партиялар ҳақида кескин танқидий фикр билдирган шахс барибир қўрқиб яшаётган шахс деб хулоса қилган бўлиб чиқасиз. Нима, мен яшаётган давлат авторитар ёки тоталитар давлатмики, мен сиёсий партия вакилларини танқид қилишдан қўрқай?!

Учинчидан, сиёсий маданият деган тушунча бор. Сиз агар сиёсий партия вакили бўлсангиз ва ўзингизни сиёсий маданиятли деб ҳисобласангиз, аввало бунинг учун маданиятли шахс бўлиш керак эканлигини билишингиз даркор. Маданиятли шахс эса аввало ўз оппонентига ҳурмат билан муносабатда бўлиши лозимлигини билишингиз шарт! Бугун менга дабдурустдан телефон қилиб «Миллий тикланиш» партияси билан соат учда радиода дебат бўлади, «Адолат» партияси вакили ҳам келаркан қўллаб-қувватлашга «Миллий тикланиш»ни, боришингиз шарт экан дейишди. Жаноблар! Биринчидан, мени Сиз теледебатга даъват қилгандингиз, радио дебатга эмас! Иккинчидан, мен билан дебатга киришмоқчи экансиз, бошқа партия вакилини таклиф қилиш орқали менга қарши бирга-бир эмас, коалицион ҳужум уюштирмоқчимисиз? Марҳамат унга ҳам тайёрман! Мен ҳеч қайси партия вакилини «қўшимча куч» сифатида чақирмайман, менинг фитратимда «кураш»га бировга ишониб чиқиш йўқ! Учинчидан, мен мамнуният билан юқорида айтганим каби теледебатга таклифингизни қабул қилдим. Фақат бир маданий инсон ўлароқ «Миллий тикланиш» партияси раҳбари, ҳурматли Сарвар Отамуродов ёки айни партия мансуби, депутат ҳамда «Маънавият ва Маърифат» маркази раҳбари, ҳурматли Алишер Кадиров билан ўзларига қулай пайтда, яъники давлат топшириқлари билан вилоятларга сафаридан холи бўлганларида, тайёрланишга имкон топганларида дебатга чиқишга таклиф этаман. Жамиятда ва ўз сиёсий элитаси манфаатларида масъул бўлганлари «миллий маънавий аҳволимиз» мавзусида дебат қилишга тайёрлигимни билдираман. Асосий битта талабим, теледебат онлайн тарзда эфирга узатилса ёки онлайн тарзда интернет каналларида эфирга узатилса бас! Самимият ва жонлиликни таъминлаш учун. Менимча, таклиф қилаётганим икки номзоднинг қайси бири рози бўлишидан қатъий назар, уларнинг иш графиги олдиндан тўлалиги, ҳамда менинг ҳам хизмат сафарларим, режалаб қўйган ишларимни, энг асосийси, жонли эфир имкониятларини тайёрлаш учун вақт зарурлигини ҳисобга олиб 2018 йил октябрнинг 10–20 кунлари оралиғида ўтказишни таклиф этаман (айни онда бошқалардан фарқли ўлароқ ҳовлиқмалик қилмаслик мақсадида).

Тўртинчидан, бир нарсани яхши билиб олинг, мен депутат эмасман, партиямиз марказий кенгаши аппарати масъул ходими эмасман. Аммо мен «ЎзЛиДеп» партияси аъзоси, ўз фитратим билан либерал-демократман! Сизнинг партиянгиз вакилларини кескин танқидимдан мақсад сайловолди компаниясида ўзимни кўрсатиш ёки депутатликка номзод сифатида танилиш ёхуд бошқа бир сиёсий мақсадим йўқ. Мақсадим битта – мавжуд муаммо юзасидан соғлом ва маданий бир шаклда мунозара қилиш!

Бешинчидан, унутмангки, бугун жамият тараққиётнинг янги босқичига қадам қўймоқда. Бу учун барчамиз ўз қадамларимизни масъулият ва профессионаллик билан қўйишимиз, ортиқча амбицияларга берилмасдан ақл билан иш кўришимиз даркор. Бугун биз – қайси партия мансуби бўлишимиздан қатъий назар, дебат ёки мунозараларни бир-бирини ёмонлаш, шахсни ҳақорат қилиш учун, камситиш учун эмас, соғлом фикр алмашиш ҳамда соғлом баҳс орқали плюрализмни шакллантириш учун керак.

Умид қиламанки, оппонент тараф вакиллари, сиёсий маданиятга амал қилгани ҳолда онлайн теледебатга таклиф қилган томон мажбурияти сифатида ташкилий ишларни ўз зиммаларига олишади ҳамда камида беш кун олдин расман таклиф этишади.

Ҳурмат ва самимят билан ўз эҳтиромимни билдирган ҳолда,
Саид-Абдулазиз Юсупов»

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг